Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун, 2026 йил 18 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига мамлакат тараққиёти, жамият ривожи, халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилган масалалар киритилган.

Жумладан, мажлис кун тартибига электрон тижорат соҳасини ривожлантириш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талаблари билан уйғунлаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид қонунлар киритилган.
Иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини ошириш, маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга доир қонунлар ҳам муҳокама қилинади.

Гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштириш, умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизматга оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўровлари юборилиши кутилмоқда.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2025 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси эшитилади.
Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида сайтимизда батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА