Сенатда кўтарилган масалалар қандай ҳал этилган?
Сенат ялпи мажлисида асосий масалаларни кўриб чиқишдан аввал олдинги ялпи мажлисларда кўтарилган муаммоли масалалар қандай ҳал этилганига эътибор қаратилди.
Сенатнинг 49-ялпи мажлисида 4Р36 “Жиззах шаҳри – Янгиқишлоқ – Қизилча - Қизилқум” автомобиль йўлини 24 - 74 км қисмини реконструкция қилиш (бетон қопламали йўл қуриш) ишларини амалга оширишда молиялаштириш масаласи билан боғлиқ муаммо борлиги айтиб ўтилган.
Мазкур лойиҳа Президент қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириш имкониятлари ўрганиб чиқиладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхатига киритилган.
Лойиҳани Халқаро молия институтларига тақдим этиш учун дастлабки қиймати 115 миллион долларни ташкил этадиган техник-иқтисодий асос (ТИА) ишлаб чиқилиб, Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда лойиҳани молиялаштириш масаласи юзасидан Халқаро молия институтлари имкониятлари ўрганиб чиқилган.
Мазкур лойиҳани амалга оширишнинг аниқ муддатини белгилаш мақсадида Осиё тараққиёт банкига лойиҳани молиялаштиришда иштирок этиш бўйича таклиф юборилган.
Осиё тараққиёт банкининг розилиги олингандан сўнг банкнинг лойиҳани молиялаштириш параметрлари давлат ташқи қарз режасига киритилиб, лойиҳани амалга ошириш муддати аниқланади.
Мажлисда ушбу автомобиль йўли 8 тоннадан юқори бўлмаган вазнни кўтаришга мослаб қурилган бўлиб, бугунги кунда замонавий оғир вазнли юк автотранспорт воситалари ҳаракатланиши оқибатида йўл қопламаси бузилган.
Автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари бошлангунга қадар йўл ҳолатини сақлаш ва автотранспорт воситаларининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021-2023 йилларда ушбу автомобиль йўлининг 24 - 114 км оралиғида 9,2 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилган.
Шу билан бирга, Жиззах ҳамда Навоий вилоятларини боғловчи давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўлининг (4Р36 М39) Шароф Рашидов ва Фориш туманлари ҳудудидан ўтувчи 114 км қисми Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан реконструкция қилиш истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхатига киритилган.
Ҳозирда молиялаштириш манбаига, жумладан, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш манбаларига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.
Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА