Сенатда фахрийлар, барқарор истеъмол маданияти масалалари кўриб чиқилди
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонунда фахрийларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг ташкилий, иқтисодий ҳамда ҳуқуқий асослари белгиланмоқда. Қонуннинг асосий принциплар, фахрийларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Ҳужжатда фахрийларнинг тоифалари, фахрийларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари, фахрий мақомини бекор қилиш ва тугатиш асослари қайд этилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан айрим таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, қонунда фахрийларнинг 6 тоифаси кўрсатилиб, улардан фақат 4 тасини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари (имтиёзлар ва кафолатлар) белгилангани, “фахрий” тушунчасининг ҳуқуқий мазмуни, ушбу мақомга эга бўлиш мезонлари ва мазкур мақомни бериш тартиби аниқ белгиланмагани таъкидланди.
Мажлисда шу каби масалаларни янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
***

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасида эса Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ойлиги доирасида “Барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш маданиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
БРМнинг 12-мақсади – камроқ ресурс сарфлаб, кўпроқ ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, табиий бойликларни асраш, чиқиндиларни камайтириш, қайта ишлашни кенгайтириш ва истеъмолчининг экологик масъулиятини оширишдан иборат.
Мамлакатимизда масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш моделларини жорий этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, ресурс ва энергияни тежаш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, уларни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланишни кенгайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига экологик тоза технологияларни жорий этиш ҳамда аҳоли ўртасида масъулиятли истеъмол маданиятини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мажлисда барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш нафақат экологик барқарорлик, балки иқтисодий самарадорлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили экани қайд этилди.
Экологик тоза технологияларни жорий этиш, сув ва энергия тежамкорлигини ошириш, чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантириш, шунингдек, аҳоли ўртасида масъулиятли истеъмол кўникмаларини кенг тарғиб қилиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА