Мамлакатимизда йод танқислиги даражаси 31 фоизни ташкил этиб, 20 йил мобайнида бу 2,5 баробарга камайган. Бироқ, Ўзбекистон ҳали ҳам йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда.
Аҳоли орасида эндемик буқоқдан касалланиш кўрсаткичларини камайтириш ва ош тузини йодлаш бўйича талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш зарурияти ҳам юзага келган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.
Мазкур қўмиталар ҳамкорлигида ўтказилган “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишга оид қисми ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси ва эндемик буқоқ касаллигининг олдини олиш борасидаги ишлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида амалга оширилмоқда.
Айниқса, 2023 йилда йод танқислиги касаллиги ҳар 100 минг аҳолига Қорақалпоғистон Республикасида – 2160,7, Сурхондарёда –1883,3, Жиззахда – 1494,0, Бухорода – 1262,2 кишини ташкил этган. Бу мамлакат кўрсаткичи (912,4)га нисбатан баланд бўлгани ташвишли ҳолдир.
Шу даврда йод танқислиги кўрсаткичи болалар ва ўсмирлар орасида мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига ўртача 712,3 ва 3593,6 нафарни ташкил этган.
Ушбу кўрсаткичлар “йод танқислиги пандемияси” давом этаётганини англатади.
2007 йилда қабул қилинган қонунда йод етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси озиқ-овқатга йодланган туз ишлатиш ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган.
2024 йилнинг 9 ойи якунига кўра, ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, мамлакатимизда ош тузи ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва ундан фойдаланувчи 94 корхона мавжуд. Бироқ, уларнинг бор-йўғи 24 тасида лаборатория бор, фақатгина 72 тасида дозаторлар ўрнатилган. Аммо ўрнатилган айрим дозаторлар мутлақо талабга жавоб бермайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан ҳам бу борада текширувлар ўтказилган.
Натижада туз ишлаб чиқарувчи корхоналардан олинган 263 намунадан 65 тасида, савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларидан олинган 1 минг 110 намунанинг 347 тасида, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларидан олинган 3 минг 613 намунанинг эса 1 минг 263 тасида йод миқдори белгиланган талабга жавоб бермаслиги аниқланган.
Шу билан бирга, ўрганишлар давомида Сирдарё вилоятида ҳеч қандай ҳужжатсиз тузни қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб келаётган тўртта корхона аниқланган.
Ушбу корхоналарда тузни йодлаш дозаторлари мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Омборларда маҳсулотларни сақлаш қоидаларига амал қилинмаган, қайта ишлаб чиқариш учун келтирилган бирламчи тузларнинг тегишли ҳужжатлари, хусусан сертификатлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Туз белгиланган талабга жавоб бермайдиган пакетларга қадоқланган. Маҳсулот ишлаб чиқарилган саналар кўрсатилмаган ҳолда сотувга чиқарилган. Айрим ҳолларда “йодланган” деб ёзилган қадоқларга аслида йодланмаган техник туз солинаётгани аниқланган.
Айрим тадбиркорлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни суиистеъмол қилиб, аҳолининг соғлиғи учун зарарли бўлган маҳсулотларни сотишни давом эттирмоқда.
Мажлис якунлари бўйича қўмиталарнинг аниқ таклифлар акс этган қўшма қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА