Сенат ялпи мажлиси якунланди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз иккинчи ялпи мажлиси якунига етди.
Мажлисда 13 масала кўриб чиқилди. Шундан бештаси қонун бўлса, қолганлари бошқа масалаларга тааллуқли бўлди.
Сенаторлар тўрт қонунни маъқуллади ва бир қонунни рад этди. Жумладан, «Электрон тижорат тўғрисида», «Электрон рақамли имзо тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар маъқулланди.
«Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун эса рад этилди.
Мажлис давомида Сенат раиси янги ўринбосари сайланди. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига тасдиқланган Аманбай Тлеубаевич Оринбаев Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботи, ташқи ишлар вазирининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Фарғона вилоятининг Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ҳамда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод туманининг, шунингдек Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш бўйича қарор қабул қилинди.
Боёвут, Қарши, Олот, Бўстон ва Тўрақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Навоий ва Самарқанд вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари таҳлил этилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати кўриб чиқилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсия ва топшириқлар берилди.
Шу билан Сенат ялпи мажлиси якунланди.
ЎзА