Сенат ялпи мажлиси якунланди
Олий Мажлис Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда 13 масала кўриб чиқилди.
Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилган мажлисда “Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида”, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги янги қонунлар ҳамда айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджетининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги, Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.
Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юборилди.
Экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан ҳамда мамлакатимизда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари эса муҳокама этилди.
ЎзА