Сенат Раиси ёшлар билан очиқ мулоқот қилди
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Тошкент давлат шарқшунослик университети талабалари, ёш тадқиқотчилар, “Шарқшунос таҳлилчилар” ва “Ёш шарқшунос дипломатлар клуби” аъзолари ҳамда профессор-ўқитувчилар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди.
Ёшлар куни доирасида ташкил этилган ушбу учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламент дипломатияси, ёшларнинг давлат бошқарувидаги иштироки, Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги ўрни ва ёш кадрларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ёшлар парламенти фаолияти, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
– Тошкент давлат шарқшунослик университети мамлакатимиз учун халқаро муносабатлар соҳаси мутахассислари ва шарқшунос олимларни тайёрлайдиган етук таълим масканига айланди, – деди Т.Норбоева. – Сизнинг тимсолингизда нафақат келажак дипломатлари ёки таржимонлари, балки мамлакат тақдирига дахлдор қарорлар қабул қиладиган, Ўзбекистон манфаатларини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қила оладиган интеллектуал салоҳиятли ёшларни кўрамиз.

Мулоқот жонли савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Талабалар ташқи сиёсат, дипломатик фаолият, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик, ёшларни давлат хизматига тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ва хорижий тажрибаларни ўрганишга оид ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА