Сенат Раиси: Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда
Сенатнинг ялпи мажлисини кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимиз ҳаётида сўнгги даврда халқаро, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маънавий-маърифий аҳамиятга эга қатор муҳим воқеалар рўй берганини алоҳида таъкидлади.
– Бу воқеаларнинг барчасини ўзаро боғлаб турган ягона ва мустаҳкам ғоя мавжуд, – деди Т.Норбоева. – У ҳам бўлса, Президентимиз раҳбарлигида янги Ўзбекистонда очиқлик, прагматизм, халқ манфаати, инсон қадри ва ҳудудлар тараққиётига асосланган давлат сиёсатининг изчил амалга оширилаётгани ҳамда унинг амалий самаралари ҳаётимизнинг барча жабҳаларида яққол намоён бўлаётганидир.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар, кейинги муҳим йиғилишларда илгари сурилган ташаббуслар ҳамда ҳудудларга ташрифлар давомида берилган топшириқлар амалга оширилаётган ислоҳотларни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтармоқда.
Бу эса, барча даражада ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ижро интизомини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир қабул қилинаётган қарорнинг аниқ амалий натижа беришига эришишни тақозо этмоқда.
Бугун мамлакатимиз тараққиётининг барча устувор йўналишлари бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилган.
Энди асосий эътибор уларнинг тўлиқ, сифатли ва белгиланган муддатларда ижро этилишини таъминлашга қаратилмоқда.
Бу жараёнда сенаторлар, маҳаллий кенгашлар, вазирлик ва идоралар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг масъулиятли ва фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан мажлисда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қонунлар ва долзарб масалалар кўриб чиқилиши таъкидланди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА