Сенат Раиси: болаларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик зарур
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур масала бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева Президентимизнинг эътибор ва саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатимизда болалар манфаатларини таъминлаш борасида зарур ташкилий-ҳуқуқий ва институционал шарт-шароитлар яратилиб, қонунчилик базаси изчил мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
– Мазкур қонун, биринчи навбатда, Болалар омбудсмани фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш ва унинг самарали иш олиб бориши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган, - деди Т.Норбоева. – Шу билан бирга, мазкур тузилманинг масъулиятини ҳам ошириш лозим. Зеро, қонуннинг ягона мақсади – мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришдан иборат. Умуман, бола ҳуқуқлари ва манфаатларига дахлдор бирон-бир масала Болалар омбудсманининг диққат-эътиборидан четда қолмаслиги керак. Парламент назоратининг тўлақонли субъекти сифатида Болалар омбудсмани назорат-таҳлил фаолиятини янада кучайтириши, мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган таклиф ва ташаббусларни янада илгари суриши лозим. Нафақат Болалар омбудсмани, балки барча даражадаги вакиллик ва ижро органлари болаларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик бўйича тизимли иш олиб бориши зарур. Яъни, ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин чора кўриш билан чекланиб қолмасдан, профилактика ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳақим Эшмуродов қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни такомиллаштириш, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг парламент билан боғлиқ фаолиятини тартибга солиш, унинг вояга етмаганлар жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш, суд ҳамда жиноий жазоларни ижро этиш жараёнларидаги ролини оширишга доир ўзгартиришлар киритилаётганини қайд этди.
Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятини янада такомиллаштиришга, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА