
2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом озиқланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси қабул қилинди.
Мазкур стратегия Ўзбекистон аҳолиси учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишнинг халқаро миқёсда тан олинган меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари мавжудлиги, фойдалана олиш имконияти, истеъмол, барқарорлик ва доимийликни таъминлаш бўйича вазифаларни амалга оширишга қаратилган муҳим ҳужжатдир.
Куни кеча Сенатда маъқулланган “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун ушбу Стратегияни амалга оширишда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича амалдаги қонунчиликни халқаро стандартлар талабларига ва илғор тажрибага мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Ушбу масала бўйича муносабат билдирган сенатор Қобул Турсуновнинг қайд этишича, охирги уч йилда импорт ўрнини босувчи 75 турдаги 289,9 миллион АҚШ доллари миқдорида озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланиб, импорт ҳажми 7,4 фоизга камайди. Республика саноатида озиқ-овқат саноати улуши 14 фоиздан 16,6 фоизга етди. Албатта, бу рақамлар республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси десак, муболаға бўлмайди.
Қонунда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича қандай чоралар кўриши лозимлиги белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, уларнинг давлат захирасини яратиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини яратиш ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки ундан олиб чиқишни тартибга солишда иштирок этиши назарда тутилмоқда.
Сенатор Сайёра Абдикаримова қонун билан хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги ахборотнинг шаффофлиги ва очиқлиги (ошкоралиги) таъминланишини қайд этди. Бу ахборотдан озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи субъектлар аҳолига етарли даражада озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда фойдаланади. Аҳоли томонидан озиқ-овқат маҳсулотларидан оқилона фойдаланиш принципи ҳам мустаҳкамланмоқда. Ушбу принципга амал қилинса, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда табиий ресурслар тежалади, етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўйилмайди.
Сенатор Содиқжон Турдиевнинг қайд этишича, хўжалик юритувчи субъектлар истеъмолчиларга етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ хавфларни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни давлат органлари билан ҳамкорликда амалга ошириши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ушбу норма озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ваколатли органларнинг хўжалик юритувчи субъектлар билан ҳамкорлигини яхшилашга, энг асосийси, аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.
Сенатор Рустам Холмуродов қонун билан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари белгилаб қўйилаётганини таъкидлади. Хусусан, вазирлик ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини, истеъмол, импорт ва экспорт кўрсаткичларини таҳлил қилади ҳамда вазирлик таҳлиллар натижасига кўра, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўради. Бундан ташқари, ваколатли давлат органи билан биргаликда ички бозордаги талабни мунтазам ўрганади, зарур ҳолларда, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган божхона божлари ставкаларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлайди.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА