
Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳаллий кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғинлари, айниқса, туман ва шаҳар бўлинмалари билан жойларда янгича ёндашув асосида ишлаши талаб этилишини алоҳида таъкидлади.
Туман ва шаҳарлар бюджети муносабатларида ҳам маҳаллий кенгашлар жуда катта ваколатларга эга. Бундан оқилона фойдаланиб, аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этиш, Сенат эса бу йўналишларда маҳаллий кенгашларга кўмаклашиб бориши зарурлиги қайд этилди.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган семинар айнан шу мақсадга қаратилди.
Тадбир кун тартибидан маҳаллий кенгашларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш борасида соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишни ташкил этиш масаласи ўрин олди.

Қайд этилганидек, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга халқ депутатлари кенгаши томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш бўйича янги норма киритилган.
Семинарда сенаторлар томонидан вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо беришда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Жумладан, ҳудудий соғлиқни сақлаш бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан ҳудудда соғлиқни сақлаш соҳасида мавжуд бўлган муаммолар ва камчиликларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш долзарб масала эканлиги айтиб ўтилди.
Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича депутатлик назоратини олиб боришда маҳаллий кенгашларнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича доимий комиссиялари фаолиятини самарали йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Сенат аъзолари, ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ходимлари, экспертлар, маҳаллий кенгашларнинг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари, котибият мудирлари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув бўлинмалари раҳбарлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган семинарда маҳаллий кенгашлар ишини намунали ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА