Сенат: кредит рекламасида молиявий хатарлар ҳақида огоҳлантириш бўлиши керак
Аҳолининг суғуртага оид саводхонлигини ошириш, молиявий хизматлардан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ҳақида фуқароларни олдиндан огоҳлантириш механизмларини янада такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун муҳокамаси давомида қайд этилди.
Қонун билан “Реклама тўғрисида”ги қонунга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, аҳолининг суғуртага оид саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот материалларини ижтимоий ахборот сифатида эътироф этиш назарда тутилиб, ваколатли органлар мазкур йўналишдаги ижтимоий реклама берувчилар қаторига киритилмоқда.

Кредит ва микроқарз рекламасида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш бўлиши кераклиги ҳамда бундай огоҳлантириш рекламанинг асосий майдони ва вақтининг камида ўн фоизини ташкил этиши лозимлиги белгиланмоқда.
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни ҳам кўриб чиқди.
Қонун талабларини бузган тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланилаётган айрим ҳуқуқий таъсир чоралари ҳамда ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар уларнинг фаолиятини тезкор тиклаш имкониятларини чеклаётгани қайд этилди.
Қонун билан Иқтисодий процессуал ва Солиқ кодексларига солиқ органининг тадбиркорлик субъекти банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорига тадбиркорлик субъекти томонидан эътироз билдирилган тақдирда ушбу масала суд тартибида кўриб чиқилишига оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин мазкур чекловларни бекор қилишнинг аниқ тартиби назарда тутилмоқда.
Қўмита аъзолари таъкидлаганидек, мазкур қонунлар истеъмолчиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, уларни ишончли ва холис ахборот билан таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашувларни камайтириш, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА