Сел-сув тошқини оқибатлари бартараф этилмоқда (+видео)
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманининг сел-сув тошқинларидан талофат кўрган Элобод, Янгишаҳар, Боғаро ва Азларсой маҳаллаларидаги 61 та кўча шаҳар, туманлар ҳамда корхона ва ташкилотларга бириктирилди. Ҳудудлардан 10 мингга яқин ҳашарчи, 200 дан ортиқ юк машинаси, 100 га яқин махсус транспорт воситаси жалб қилинди.
Жараёнда 130 дан ортиқ хонадон лойқа сувдан тозаланди, 12 километр ички йўлларга тош ётқизилди, 3 мингдан ортиқ объект ҳамда 2,5 мингга яқин сув ҳовузи дезинфекция қилинди. Аҳоли қарамоғидаги 100 дан ортиқ чорва моллари хавфсиз ҳудудларга ўтказилиб, ветеринария хизмати кўрсатилди. Тозаланган ва тартибга келтирилган кўчалар бўйлаб, мингдан ортиқ мавсумга мос дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилди.
Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардия бошқармалари бошлиқлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари раҳбарлигида бириктирилган кўчалар бўйлаб, тозалаш-таъмирлаш, ободонлаштириш, кўчаларни тартибга келтириш ва дарахт кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда.
[gallery-16587]
Ҳудудлар кесимида ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг туман ҳамда шаҳар бўлимлари билан биргаликда фуқаролар муаммолари ўрганилмоқда. Бугунгача 692 хонадон муаммолари ўрганилди.
Жараёнда талофатдан азият чеккан Азларсой маҳалласида яшовчи икки нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Кумуш Қўзиеванинг муаммоси ўрганилиб, унинг ўғлига нафақа пули ва қизига ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда контракт пули тўлаб бериладиган бўлди. Шунингдек, сел оқибатида мазкур оиланинг уйи ҳамда шахсий ҳужжатлари яроқсиз ҳолга келгани аниқланиб, ушбу масала ҳам ижобий ҳал этиб бериладиган бўлди.
Талофатдан жабр кўрган оилаларнинг ҳужжатларини қайта тиклаш, ногиронлиги бўлган хонадонларнинг уйини тозалаш, ёлғиз ёшовчи ҳамда реабилитацияга муҳтож фуқароларга зарур кўмак кўрсатиш каби амалий ишлар бажарилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8yJf9EzFtRY" title="Sel-suv toshqin oqibatlari bartaraf etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА