Секторлар фаолияти қандай мезонлар билан баҳоланади?
Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилгани ўзига хос тизим сифатида ўз самарасини кўрсатмоқда. Зеро, ҳар бир сектор раҳбарлари ўз зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш баробарида жойлардаги турли муаммоларнинг ҳал этилиши, ҳудудлар қиёфаси ўзгаришига кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг Тошкент шаҳар филиали томонидан сектор раҳбарлари фаолияти мунтазам баҳолаб борилмоқда. Унга асосан сектор раҳбарларини ҳар чоракда 13 та кўрсаткич (индикатор) асосида баҳолаб бориш йўлга қўйилган.
Айни пайтда Тошкен шаҳридаги 48 та сектор фаолияти ўрганилиб, баҳолаб келинмоқда.
Барча даражадаги раҳбар ходимлар, хусусан, сектор масъулларининг аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишда бошқарув қарорларини қабул қилиш, иш вақтини самарали тақсимлаш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш каби кўникмаларга эга бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, баҳолаш натижалари бўйича республика даражасида «энг намунали сектор» номинациясида ғолиб бўлган секторлар белгиланган тартибда моддий рағбатлантирилади.
Шунингдек, баҳолаш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида «энг ташаббускор сектор» номинациясида ғолиб бўлган секторлар ҳам моддий рағбатлантириб борилади.
Хўш, мазкур йўналишлар асосида олиб борилган ишларнинг баҳоланиши қандай методика ва кўрсаткичларга асосланади?
Таъкидлаш жоизки, баҳолашнинг ўз мезонлари мавжуд. Масалан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» билан ишлаш натижадорлиги, «маҳаллабай» ишлаш тизимининг юритилиши ҳолати, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш даражаси, тадбиркорликни ривожлантириш, жиноятчиликни камайтириш ва ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги каби жиҳатлар эътиборга олинади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги барча вилоят, туман ва шаҳарлардаги ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тизимини йўлга қўйди. Агентлик 100 баллик тизимда якуний баҳолашнинг 50 фоизини ЭМСК, 30 фоизини аҳоли ва 20 фоизини маҳалла раислари орасида ўтказиладиган сўровнома натижалари ташкил этишини маълум қилган.
Агентликнинг argos.uz порталидаги «Рейтинг» саҳифасида 2021 йилнинг иккинчи чорак бўйича натижалари жойлаштирилди. Унга кўра республикадаги 207 та туман баҳоланиб, кучли 10 таликдан Тошкент шаҳридаги Миробод ва Янгиҳаёт туманлари ҳам ўрин олган.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, секторлар фаолияти самарадорлиги ҳудудлар ободлигига, аҳоли фаровонлигига, жамиятда соғлом муҳит яратилишига замин бўлади. Шундай экан, сектор масъулларининг натижадор иш фаолиятини мунтазам баҳолаб, рағбатлантириб борилиши уларга янада руҳий мадад бўлиб, масъулиятини оширади.
С. Фармонов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини
ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар филиали етакчи инспектори.