Сектор кубоги кимга насиб этди?
Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят тўртинчи сектори раҳбари ташаббуси билан жойларда маҳаллалар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Дарҳақиқат, маҳаллаларда оммавий спортни кенг тарғиб этиш, аҳоли айниқса, ёшларнинг бўш вақтларидан самарали фойдаланиш, уларни спорт машғулотларига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу сектор раҳбарияти томонидан ҳам маҳаллаларда бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Хусусан, вилоят марказидан 140 километр олисдаги Конимех туманининг “Янги Ғозғон” овул фуқаролар йиғинида спортнинг волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка, арқон тортиш турлари бўйича тўртинчи сектор кубоги беллашувлари ўтказилди.

Жумладан, волейбол мусобақасида 12 та жамоа ўзаро куч синашди. Муросасиз баҳсларда Шўркўл маҳалласи волейбол жамоаси ғолибликка эришиб, сектор кубогини қўлга киритди.
Шунингдек, арқон тортиш баҳслари ҳам миллий сайлга айланиб кетди. Йигитлар беллашувида Зафаробод маҳалласи ҳаваскор спортчилари ғалаба қозонди. Стол тенниси ва шахмат-шашка бўйича яккалик баҳсларида эса иккала спорт тури бўйича ҳам зафарободлик Ғалим Мектепбаевга тенг келадигани топилмади.
Якунда ҳаваскор спортчилар учун концерт дастури ҳамда байрам дастурхони ташкил этилди.
ЎзА