«Seeds for the future-2024»: IT таълимда ҳеч қандай чегара йўқ
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган «Seeds for the future-2024»да Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг 14 давлатидан 150 нафар талаба, 14 нафар ўқитувчи ва академиклар иштирок этмоқда.
– Ушбу «Seeds for the future-2024» таълим дастурини Хитойнинг нуфузли «Huawei« компанияси ва рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширмоқдамиз. Мазкур тадбир 2008 йилдан бери халқаро шаклда ўтказиб келинади. Ўтган йили ушбу танловнинг финал босқичи Дубай шаҳри ва Хитойда бўлиб ўтди. Ўрта Осиё халқларининг ярим финал босқичи эса Доҳада ўтказилган эди. Унда ўзбекистонлик талабалар иштирок этиб, фахрли ўринларни олгани учун мазкур тадбирни 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказишни режалаштирган эдик. Ҳозирда Тошкентга 14 та давлатдан талабалар ташриф буюрган. Уларнинг асосий мақсади Ўзбекистон билан яқиндан танишиш, маданий меросимизни ўрганиш, талабаларимиз билан ҳамкорликни ўрнатишдан иборат.

Ўтган йилги «Seeds for the future-2024» тадбирида ўзбекистонлик талабалар иккинчи ўринни эгаллаб, ўзларининг стартап лойиҳалари учун «Huawei« компанияси томонидан 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағларини олган. Бу лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, талабаларимиз яратган илова халқ сўровномасида биринчи ўринни олган.


IT таълимда ҳеч қандай чегара йўқ. IT таълим билан шуғулланаётган талаба дунёнинг у бурчагидаги талаба билан ҳамкорликда ўзининг шахсий бизнесини йўлга қўйиши мумкин. Бу нафақат таълимда, келажакда уларнинг карьерасига, янги ишларни бошлашида бир-бирлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишларида катта ёрдам беради, – дейди IT таълим уюшмаси раҳбари Нодирбек Барнаев.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова тайёрлади.