Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари томонидан ҳудудларда озиқ-овқат ишлаб чиқариш йўналишида фаолият кўрсатаётган корхоналар муаммоларини ўрганишга қаратилган сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Когон туманидаги “Парравшантранс” МЧЖ паррандачилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган корхона масъуллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам айнан муаммоларнинг ижобий ечимига эътибор қаратилди.
Божхона ходимлари билан бўлиб ўтган дастлабки учрашувларда тадбиркор корхона фаолиятини кенгайтириш мақсадида узоқ муддатли кредит олишга эҳтиёжи борлигини маълум қилган. Унинг мурожаати тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди ва қисқа фурсатда ижобий ечим топди.
Паррандачилик маҳсулотлари етиштириш билан бошланган тадбиркорлик фаолияти, эндиликда сут маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан янада кенгайди. Бунинг натижасида эса, юзга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Дастлаб кичик ҳажмда фаолият бошлаган корхона парранда ва чорва моллари сонини кўпайтириш мақсадида Халқ банкидан 12 миллиард 300 миллион сўм миқдорида молиявий кўмак олган. Бу кўмак орқали корхонанинг фаолияти кенгайди ва чорвачилик ва озиқ-овқат саноати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ҳозирда корхонанинг йиллик даромади 5,6 миллиард сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқариш жараёни замонавий технологиялар асосида ташкил қилинганлиги сабаб, маҳсулотларнинг сифати талабга жавоб беради.
Божхона органи вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотда эндиликда маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилиб, муҳим тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири