Сайёр қабулда муаммолар ҳал бўлди
Наманган вилояти Поп туманидаги Чодак боши маҳалласида жойлашган “Олтинкон” маданият марказида вилоят Адлия бошқармаси Ҳудудий фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш архиви томонидан “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” шиори остида ўтказилган сайёр қабулда кўплаб фуқароларнинг анча йиллардан бери ҳал этилмай келаётган муаммоларига ечим топилди.
Тоғли табиат қўйнида жойлашган Чодак вилоятнинг энг чекка ва олис қишлоғи бўлиб, ҳудуддаги тўққизта маҳалла фуқаролар йиғинида 35 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туғилиш қайд этилмагани оқибатида шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган, яқин қариндошининг ўлими қайд қилинмагани сабабли кадастр ҳужжатларидаги муаммолар каби ўнлаб масалалар юзасидан кўплаб фуқаролар кун давомида малакали мутахассислар, ташкил этилган онлайн платформалар орқали ечим топдилар.


Фуқаро Абдуманнон Машарипов ва Адолатхон Ҳозирова 2001 йил август ойида турмуш қуришади. Улар уч нафар фарзандли бўлишади. Дилбандлари улғайгач, ҳужжатларни расмийлаштиришда никоҳи қайд этилмагани сабабли муаммога дуч келишди. Сайёр қабул бўлишини эшитиб, никоҳ бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотномани олиш тўғрисида ариза ёзишди. Мазкур мурожаатга асосан уларга никоҳ гувоҳномаси расмийлаштиришга киришилди.
– Отам ҳадя этган уй-жой кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш борасида тўрт йилдан бери қийналиб келаётгандим, – дейди Олтинкон маҳалласида яшовчи фуқаро Шоҳсанам Маматова. – Сайёр қабул уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқимни тиклашга оид ҳужжатларимни онлайн расмийлаштириб олишимга катта ёрдам берди, ташкилотчилардан беҳад миннатдорман.


Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Тадбир доирасида сайёр қабулга келган 500 дан зиёд кишига “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида хизмат кўрсатилди. ФҲДЁ қайдларига асосан 37 нафар кишига туғилиш, ўлим, никоҳ, оталик, ёлғиз она, исм ва фамилияни ўзгартириш ҳақидаги маълумотномалар тақдим этилиб, 150 дан ортиқ фуқаронинг шахсига доир маълумотларидаги ноаниқликлар шу жойнинг ўзида бартараф этилди.
Шунингдек, ФҲДЁ ҳужжатларига кўра, беш юздан зиёд оила таркиби шакллантирилиб, тўғридан-тўғри рақамлаштириш жараёнлари амалга оширилди. Шу жойнинг ўзида муаммолари ҳал бўлган фуқароларга ҳужжатлар топширилди. Қолаверса, фуқароларга электрон ҳукумат портали платформасидан фойдаланиш тартиби юзасидан тушунчалар берилди. Сайёр қабул давомида адлия бошқармаси томонидан 50 дан ортиқ фуқаронинг кўчмас мулк тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ мурожаатларининг аксарияти бартараф этилиб, муддат талаб этилганлари тегишли тартибда ижрога қаратилди.


Бундан ташқари, акция доирасида тегишли идоралар мутахассислари билан биргаликда Чодакдаги “Art soft holding” компанияси текстиль фабрикасида меҳнат қилаётган хотин-қизларга фуқаролик ҳолати ҳамда пенсия нафақаларига доир маслаҳатлар берилиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Тадбирда ҳеч ким эътибордан четда қолдирилмади. Хусусан, 1998 йилда туғилган биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Беҳруз Собировнинг хонадонига борилиб, унинг мурожаати ўрганилди ҳамда манзилли тарзда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Бундай сайёр қабуллар ўз навбатида халқимизнинг ташвишларини тинглаш, муаммоларига ечим топиш, аҳолининг ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, юртимиздаги барча ислоҳотлар, аввало, инсон қадрини улуғлашга қаратилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири