Сайёр қабулда 38 та фермернинг 1,8 млрд. сўм қарзи ундириб берилди
Амалдаги конституциямизга мувофиқ ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Шу сабабли, Мажбурий ижро бюроси Қорқалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишгашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, мурожаатлар қонунда белгиланган муддатларда ҳал қилинмоқда.
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларнинг ҳар бирида жисмоний ва юридик шахсларни ва уларнинг вакилларини қабул қилиш хоналари ташкил этилган бўлиб, ушбу хоналар замонавий техникалар билан жиҳозланган.

Шунингдек, фуқароларимизга қўлайлик яратиш мақсадида туманларнинг олис ҳудудларида жойлашган, шунингдек Бюро органларига келишга қийналадиган шахсларнинг мурожаатларини масофадан туриб, онлайн-тарзда қабул қилиш ва кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, тузилган режа-график асосида ҳудудларда бевосита бошқарма бошлиғининг иштирокида сайёр қабуллар ҳам ташкиллаштирилмоқда.
Шундай сайёр қабуллардан бири жорий йилнинг 04-август куни Тахтакўпир тумани Ёшлар маркази биносида ташкиллаштирилган бўлиб, унда жами ундан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг 8 таси жойида ҳал қилинган бўлса, қолганлари алоҳида назоратга олиниб, қонуний ҳал қилиш бўйича мутасаддидаларга тегишли топшириқлар берилди.

Масалан, сайёр қабул давомида, туманда фаолият юритаётган 38 та фермер хўжаликлари раҳбарлари, ўзлари томонидан етиштирилган пахта хамашёлари учун “AGROWORLD AGRIKULTURAL CLUSTER” МЧЖдан олиши лозим бўлган жами 1,8 млрд. сўм пулларни ундириб беришни сўраб мурожаат қилган.
Ушбу мурожаат алоҳида назоратга олиниб, қарздорликларни ундиришнинг барча қонуний чораларини кўриш ҳақида Бюронинг Тахтакўпир туман бўлими ходимларига топшириқ берилган.
Бўлим ходимлари томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида, фермер хўжаликлари фойдасига ундирилиши лозим бўлган 1,8 млрд. сўмдан ортиқ қарздорлик шу куннинг ўзида тўлиғи билан ундирилиши таъминланиб, хўжаликларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Бундай тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад фуқароларга қулайлик яратган ҳолда уларнинг Мажбурий ижро бюроси органларига тааллуқли масалаларини жойида ҳал қилишдан иборат.
Ҳозирда Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг сайёр қабуллари республика бўйича давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА