Сайёр қабул: аҳолини қандай муаммолар қийнаяпти?
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ҳудудларда очиқ мулоқотлари давом этмоқда.
Шўрчи туманида бўлиб ўтган оммавий қабулда ҳам фуқаролар йўлларни таъмирлаш, электр энергия таъминоти, уй-жойни таъмирлашга кўмаклашиш, соғлигини тиклаш, моддий ёрдам кўрсатиш каби масалаларни ўртага ташлади.
Унда Қумқўрғон туманидаги “Кетмон” қишлоғидан бир гуруҳ нуронийлар мурожаат этиб, ҳудуддаги 4Р105 автомобиль йўли бир неча ой муқаддам асфальт ётқизиш учун тош-шағал тўкилгани, бироқ ҳозиргача асфальт ётқизилмагани учун автомобиллар ҳаракатида ноқулайликларни юзага келтираётганини маълум қилди.
Мурожаатни ўрганган вилоят раҳбари мутахассисларга хом ашё билан боғлиқ масалани ҳал этиб берди. Таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган автомобиль йўлига икки кун ичида асфальт ётқизиладиган бўлди.

Шўрчи туманидаги Алишер Навоий номли маҳаллада яшовчи Азиза Отабоеванинг оилавий шароити оғирлиги сабабли уй-жойини таъмирлашга кўмаклашишда ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам ечимини топди. Ҳомийлик асосида қурилиш материаллари билан таъминлашга келишиб олинди. “Ғармақўрғон” маҳалласида электр энергияси тармоғидаги носозликлар аҳолида жиддий ташвиш уйғотаётган эди. Бир гуруҳ фуқаролар ана шу муаммони ҳал этиш юзасидан мурожаат этди. Масала мутахассисилар иштирокида муҳокама этилгач, бир ойда маҳалла ҳудудидаги бир ярим километр масофага янги электр энергияси линиясини тортиш бўйича тегишли топшириқ берилди.

“Эзгулик” маҳалласида яшовчи Феруза Камолованинг кўчага 4 дона бетон устун, “Бахшитепа” маҳалласида яшайдиган Юлдуз Бекмуродованинг ҳисоблагич ўрнатиш масаласидаги мурожаатлари ҳам қаноатлантирилди.
– Икки фарзандни ёлғиз ўзим катта қиляпман, – дейди Шўрчи туманидаги Дўстлик маҳалласида яшовчи, боқувчисини йўқотган Улғиза Шералиева. – Олий таълим муассасасида ўқийман. Янги ўқув йили учун контракт пулини тўлашга қурбим етмай турибди. Шу масалада вилоят ҳокимига учрашдим. Мурожаатим жойида ҳал этилди.

Сайёр қабулда соғлигини тиклашга кўмаклашишни сўраган 11 фуқаронинг мурожаатини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ҳал этди. Уларнинг 7 нафарига даволаниши учун ордер, 4 нафарига зарур дори воситалари берилди.
Юзма-юз, очиқ мулоқотда фуқароларнинг 152 та мурожаати тингланиб, 39 таси жойида ечимини топди. Вақт талаб этадиган масалалар юзасидан аниқ муддат белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА