Сайёҳликнинг янги истиқболлари
Туризм тез ривожланаётган тармоқлардан биридир. У ХХI асрнинг энг даромадли соҳасига айланди.
Туризм транспорт, озиқ-овқат, меҳмонхона, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, қурилиш ва бошқа хизмат турларининг ҳам ривожланишига олиб келади. Мамлакат ташқи қиёфасини замонавийлаштиришга, меҳмонхона ва ресторан индустриясини ривожлантиришга ҳамда транспорт-коммуникация тизимлари каби тармоқлар ўртасидаги алоқаларни шакиллантиришга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам кўпгина давлатлар туризмни ривожлантиришга катта эътибор бермоқда. Зиёрат сайёҳлик бозори эса ўтган йиллар давомида тез суръатларда ўсиб, жаҳон сайёҳлик бозорининг энг тез ўсиб бораётган сегментларидан бирига айланди.
Ўзбекистонда туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилиш миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг стратегик йўналишига айлантириш ва унинг диверсификация ва ҳудудларни жадал ривожланишини таъминлаш борасида устувор вазифалар сифатида белгиланган. Ушбу жиҳатларини эътиборга олган ҳолда республикада туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш муҳимдир. Шу мақсадда Президентимизнинг 2021 йил 9 февралда тегишли фармони қабул қилинди. Унда бир қатор имтиёз ва преференциялар белгиланди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун харажатларнинг бир қисмини қайтариш тартиби жорий қилиниши белгиланди.
Имтиёз ва преференциялар муддатлари 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди. Туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилди.
Камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистон Республикасида тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидиялаш тизими жорий этилди.
Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланди.
Ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган “оилавий саёҳат таътили” тизими жорий қилинаяпти.
Бунда, “оилавий саёҳат таътили” йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилиши тасдиқланди.
Транспорт-логистика тизимини ривожлантириш мақсадида, биринчидан, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш ва 2021 йил 1 апрелга қадар Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чоралари белгиланди ва авиарейс ва темир йўл қатновларини, шунингдек, Тошкент шаҳридан Бухоро, Нукус, Термиз ва Урганч шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсига қатнов йўналишлари бўйича авиарейсларни субсидиялаш назарда тутилди.
Иккинчидан, хорижий авиакомпанияларнинг Индонезия, Бангладеш ва Малайзия мамлакатларидан хорижий туристларнинг Ўзбекистон Республикасига саёҳатларини ташкил этишга қаратилган ҳамда “Умра+” дастури доирасидаги Ўзбекистон Республикасига авиапарвозлари, қўниш ва учиш хавфсизлиги қоидаларидан ташқари, тўсқинликсиз амалга оширилди.
Учинчидан, республиканинг туризм намойиши объектларини кенг тарғиб қилиш, фуқароларни бой табиий, маданий ва тарихий мерос объектлари билан таништириш ҳамда ички туризмни оммалаштиришга қаратилган (тижорат мақсадларни кўзламаган) ахборот маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборотга тенглаштирилди.
Тўртинчидан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 10 кунлик муддатга ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Баҳрайн Қироллиги, Қатар, Қувайт, Уммон Султонлиги ва Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан, Хитой Халқ Республикасининг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим белгиланди.
Туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш, туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизациялаш, маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ҳамда ободонлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 триллион сўм миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан тенг улушларда ажратишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини амалга ошириш назарда тутилган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида бюджетдан ташқари ҳудудда туризмни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан, истисно тариқасида, 200 миллиард сўм ажратиш ва ушбу маблағлар йўналтириладиган мақсадлар назарда тутилди.
Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида институционал ўзгаришлар назарда тутилган бўлиб, бу борада зиёрат туризми йўналишида тўғри тарғиботни йўлга қўйиш ва зиёрат объектлари ҳақида илмий асосланган маълумотларни тақдим этиш мақсадида Зиёрат туризмини ривожлантиришни мувофиқлаштириш кенгаши ва унинг фаолиятини ташкил этиш белгиланди.
Абдували Исажонов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори,
иқтисодиёт фанлари доктори