Сайёҳлар сони янада кўпаяди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси давомида ўтказилган “Глобал инвестицион форум” доирасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳридаги Аббос-Обод маданий ва туризм ҳудудининг директори Сайид Муҳаммад-Ҳусайн Ҳижозий ҳамда Маврикий Республикаси Бош вазир ўринбосари, уй-жой ва ердан фойдаланишни режалаштириш ҳамда Туризм вазири Стеван Обейегадо билан учрашди.
Шунингдек, форумда вилоят ҳокимлигининг масъуллари бир қатор хорижий давлатларнинг, жумладан, Россия, Хитой, Қатар, Индонезия, Сингапур, Канада, Австрия, Германия, Италия, Польша, Швейцария, Венесуэла, Гаити, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан ташриф буюрган туризм соҳаси вазирлари, вазир ўринбосарлари, маслаҳатчилар ва экспертлар билан учрашди ҳамда бир қатор келишувларга эришилди.

Хусусан, Бухоро вилоятида туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда янги туризм объектларини барпо қилиш бўйича 5 та инвестицион келишув имзоланди.

Шу билан бирга, 2023 - 2024 йилларда вилоятга жами 500 минг нафар хорижий туристларни жалб қилиш бўйича келишувга эришилди. Жумладан, хорижий туристик компаниялар билан ҳамкорликда 2024 йилда Тожикистондан 50 минг, Қирғизистондан 30 минг, Туркманистондан 28 минг, Хитойдан 30 минг, Индонезия давлатидан 25 минг сайёҳни вилоятга келишини амалга ошириш бўйича меморандумлар имзоланди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.