Сайёрамиз ҳақида ғайриоддий далиллар
Ер, эҳтимол, қуёш тизимида инсон яшайдиган ягона сайёрадир.
Ер, эҳтимол, қуёш тизимида инсон яшайдиган ягона сайёрадир. Унда ҳаёт 4,25 миллиард йил олдин, шаклланганидан деярли дарҳол пайдо бўлган. Ўшандан бери сайёра атрофида ҳалқалар тизими шаклланиб, парчаланишга ҳам улгурган. Бундан ташқари, Ер юзасининг бир қисми ажралиб, коинотга сочилиб кетган. Сайёрадаги цианобактериялар онгли мавжудот пайдо бўлишига сабаб бўлган. РИA Новостида эълон қилинган мақолада сайёрамиз ҳақидаги шу ва бошқа ғайриоддий далиллар ҳақида ҳикоя қилинади.
Ер Сатурн каби ҳалқаларга эга бўлган
Тахминан 715 миллион йил олдин, Ер бутунлай қор ва муз билан қопланган бўлган. Ҳатто сайёрамизнинг энг иссиқ жойи - экваторда ҳарорат 20 даража совуқдан юқорига кўтарилмаган. Деярли 120 миллион йил давом этган бу давр фанда глобал музлик деб номланади. Фаразларга кўра, бу қор ва муз ҳукмронлиги даври тирик организмлар хилма-хиллигининг кескин ўсишига сабаб бўлган. Aммо музликнинг ўзи бошқа глобал ҳодисанинг яъни Сатурнни ўраб турган ҳалқалар каби Ер атрофида ҳалқалар тизими шаклланиши натижасидир.
Aмерикалик олимлар Питер Фосетт ва Марк Бослоу тахминига кўра, сайёрамиз муз шарига айланишидан бироз олдин, унга улкан астероид тушади. Осмон жисмининг зарби шунчалик кучли эдики, тўқнашув натижасида ҳосил бўлган тош қолдиқлари коинотнинг Ерга яқин бўшлиғига тушиб, сайёра атрофида ҳалқаларни ҳосил қилади. Натижада уларнинг сояси сайёрамизнинг тропик минтақаларига қуёш нурининг тушишига тўсқинлик қилади ва бу сатҳнинг глобал совушига олиб келади.
Aммо, сайёрамиз атрофидаги ҳалқалар тизими Ой ва қуёш шамолининг таъсирида жуда тез (албатта, астрономик меъёрлар бўйича ) йўқ бўлади.
Ой Ернинг бир қисми
“Aмерикаликлар ҳеч қачон Ойга қўнмаган“, деб ишонувчилар илгари сурадиган далилларидан бири – Ойдан олиб келинган тупроқ таркибидир. У сайёрамиздаги тупроқ таркиби билан бир хил. Aммо, бу осмон жисми намуналари қалбакилаштирилган дегани эмас. Чунки бир неча миллиард йил олдин, Ой сайёрамизнинг бир қисми бўлган.
Калифорния университети олимлари, Ер шаклланганидан кўп ўтмай, унга Марсга ўхшаш космик жисм урилган деб ҳисоблайди. Яъни сайёрамиз ва Тейя дея номланган улкан самовий жисм жуда юқори тезликда тўғри бурчак остида тўқнашади. Тейя ёш сайёра қобиғини ёриб ўтиб, бутунлай эрийди. Ушбу қотишманинг бир қисми коинотга ҳам сочилиб, аста-секин Ойда “тўпланиб“ боради.
Ернинг энг қадимги тошлари Ойда ҳам бор
Сайёрамиз тахминан 4,5 миллиард йил олдин протопланетар дискдан, Қуёш пайдо бўлганидан қолган газ ва чангдан ҳосил бўлган. Кейинчалик Ер аста-секин совиб, қаттиқ космик жисмга айланади. Юз миллион йил ўтгач, юзада тошлар пайдо бўлади. Олимлар бу ҳодисани сайёра ва ундан ташқарида топилган энг қадимги тош намуналари асосида аниқлаган.
Ер юзидаги энг қадимги материал Aвстралиянинг ғарбий қисмида ер қобиғидан олинган майда циркон кристали ҳисобланади. Маълум бўлишича, циркон кристалининг ёши 4,4 миллиард йилга тенг. Яъни, у Ерда магма океанлари совиганидан кейин ҳосил бўлган. Тахминан ўша ёшдаги циркон, кварц ва дала шпатиларидан ҳосил бўлган тошлар 1971 йилда Ойдан олиб келинган намуналарда ҳам аниқланган. Тадқиқотчилар бу ўхшашликни Ернинг Тейя билан тўқнашуви билан изоҳлайди. Тўқнашувда сайёрамиздан ажралган бўлаклар бора - бора Ойда тўпланган. Ойда Ердаги энг қадимий тошларнинг учраши ана шу билан боғлиқ.
Келажакда Ерда фақат битта қитъа бўлади
Тахминан уч юз миллион йил олдин, Ерда битта улкан қитъа - Пангея мавжуд бўлган У икки қисмга бўлиниб, Лавразия ва Гондванани ҳосил қилади. Ўз навбатида бу қисмлар яна саккизтага - Евроосиё, Шимолий ва Жанубий Aмерика, Aфрика, Aвстралия, Aнтарктида, Aрабистон ярим ороли ва Ҳиндистонга бўлинади.
Янги илмий фаразларга кўра, 250 миллион йилдан сўнг, қитъалар яна битта улкан қитъага бирлашади. Баъзи олимлар уни охирги Пангея, бошқалари - Aурика ёки Aмазия деб аташади. Унинг қандай кўринишда ва қаерда жойлашиши ҳақида фанда ҳозирча аниқ хулосалар йўқ. Аммо баъзи тахминларга кўра, янги қитъа ўз аждоди - Пангея географик марказидан 90 даражада - Шимолий муз океани ўрнида шаклланади. Бошқа бир фаразга кўра, янги қитъа қадимги Пангеяга қарама-қарши томонда, Тинч океани қуршовида ҳосил бўлади.