Сайёҳларни соғинган Бойсунда баҳор...
Пурвиқор тоғлар бағридаги Бойсун Сурхондарё вилоятининг хушманзара, сўлим гўшаларидан бири сифатида дунёга танилган.
Пурвиқор тоғлар бағридаги Бойсун Сурхондарё вилоятининг хушманзара, сўлим гўшаларидан бири сифатида дунёга танилган.
Турфа гўзалликларга бой ҳудуднинг бетакрор табиати, хилма-хил ноёб ўсимликлари, сиру-синоатга тўла тоғлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Айниқса, баҳор фаслида Бойсуннинг турфа рангларда товланувчи табиат либослари барчага бирдек қувонч улашиб, руҳини тетиклаштиради. Сайёҳларга ўзгача ҳаловат, мафтункорлик бағишлайди. Турли сайроқи қушлар хониши, тоғу-тошлардан ўйноқлаб тушаётган зилол сувларнинг майин оқиши, турфа гиёҳ ва гулларнинг товланишидан завқу-шавқ олиб, танангиз сокин яйраётганидан беихтиёр мириқасиз.



Жаннатмонанд юртимизга кўклам ўз сепини ёйган шу кунларда гўзаликка бурканган Бойсун ҳам сайёҳлар соғинчи билан яшамоқда. Сиру-синоатга тўла гўшада сайру-саёҳат қилиш учун янада қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
– Жорий йилдан бошлаб воҳадаги ягона Бойсун туризм коллежи илк ўқувчиларини қабул қилиб, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасининг Бойсун туманидаги масъул ходими Н.Пардаев. – Шунингдек, туристларга замонавий шарт-шароитлар яратиш мақсадида меҳмонхона ва меҳмон уйлари барпо этишга, сайёҳларга хизмат кўрсатадиган бошқа шохобчалар қуришга алоҳида аҳамият берилмоқда. “Бойсун“ кичик туризм зонасида замонавий сайёҳлик турларини очиш учун яқин келажакда Омонхона зиёратгоҳи ва шифобахш сув булоғи, Зовбоши қишлоғи ҳудудида янги экосити қурилишини бошлаш режалаштирилган. Хорижлик ҳамкорлар иштирокида руёбга чиқариладиган мазкур лойиҳа сайёҳларнинг сўлим табиат қўйнидаги замонавий тараққиёт уфуриб турган жойларда мириқиб ҳордиқ чиқаришига қулай муҳит, кенг имконият яратади.
Борлиқ кўклам билан янада кўркам бўлган шу кунларда сиз ҳам Бойсунни соғинган бўлсангиз, марҳамат гўзал табиат манзараларидан баҳраманд бўлиб, завқу-шавқ олинг. Фақат карантин қоидаларига қатьий амал қилиб, уйда қолинг.