Сайхунободда асаларичилик ривожланмоқда
Бугунги кунда юртимизда асаларичилик соҳасини ривожлантиришга, асал маҳсулотларини етиштиришга эътибор ва маҳсулотга талаб ортиб бормоқда. Айниқса, экологик тоза асалга бўлган эҳтиёж ниҳоятда юқори.
Шу боисдан ҳам Сирдарё вилояти Сайхунобод туманининг Иттифоқ маҳалласида истиқомат қилаётган Дониёр Абдуллаев ва оила аъзоларининг асаларичилик соҳасига бўлган қизиқиши ортиб, бундан тўрт-беш йил олдин ишни 4-5 қути асалариларни парваришлашдан бошлаганди.

– Асалари – етти хазинанинг бири. Унинг асали, заҳри, сути прополиси, гулчанги кўпгина хасталикларга даво, уни парваришлаш ва кўпайтиришнинг ўзига яраша қийинчиликлари, муаммолари бор,–дейди Дониёр Абдуллаев.–Чунки, уянинг кўп қисмини ишчи асаларилар ташкил этади. Ишчи асаларилар уя асалариларига ва учадиган дала асалариларга бўлинади. Баҳор ва кузда, яъни табиатда гулчанги ва гулшира кўпроқ бўлганда ишчи асаларилар 40-45 кунгача яшай олади. Шунга яраша унга ҳам муносиб шарт-шароит, экологик тоза муҳит керак. Ана шундагина парваришлаётган асаларингиз кутилгандек натижа беради.
Сайхунободлик Дониёр Абдуллаев ва ўғли Қудратжон бу борадаги тажрибани асаларичилардан ўрганиб, асалари уялари сонини икки-уч йилда 500 тага етказиб, асал етиштирувчилар сафидан муносиб жой эгаллади. Тажрибали асаларичи асаларичилик билан шуғулланмоқчи бўлган оилаларга ўтган 2024 йилда 500 қутига яқин асалари оилаларини етказиб бериб, уни парваришлашнинг сир-асрорини ўргатди.

–Кимдир томорқачилик соҳасини, кимдир иссиқхоначилик хўжалигини оиласининг драйвер соҳаси дейди. Бизнинг оиламизнинг драйвер соҳаси асаларичилик. Рўзғоримизнинг ободлиги, дастурхонимизнинг тўкинлиги асалариларимиз ортидан,–дейди Дониёр Абдуллаев.–Бугунги кунда асалариларимиз оиласи сони мингдан ошиқ. Улар сонини оширишга ҳаракат қилиб, асаларичилик билан шуғулланмоқчи бўлганларга асалари оилаларини етказиб беряпмиз.
Ўтган йили тажрибали асалчи учун омадли келди. Давлатимиз раҳбарининг Сайхунобод туманига ташрифидан сўнг "маҳалла еттилиги" таклифи билан Сайхунободда "Сайхун асал маҳсулотлари" масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди. Бу борадаги ишини янада ривожлантириш учун тумандаги тижорат банкларидан 600 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи олди. Қўшимчасига ўзининг 400 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини йўналтириб, Польша, Россия, Хитой каби давлатларда ишлаб чиқарилган, йилига 12 тонна асал маҳсулотини қайта ишлаб, қадоқлайдиган технология сотиб олди. Бу амалга оширилган ташаббус нафақат ички бозорнинг асал маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, балки экспорт имкониятларини ҳам кенгайтиришга ёрдам беради.

–Ушбу қадоқлаш технологияси ёрдамида 5 тоннадан ошиқ асал маҳсулотларини 20 граммдан 1 килограммгача бўлган идишларда қадоқлаб, унинг маълум бир қисмини қўшни Тожикистон Республикасига экспорт қилган бўлсак, қолган қисмини ички бозорга чиқардик,–дейди "Сайхун асал маҳсулотлари" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қудратжон Абдуллаев. – Даромад ҳам шунга яраша. 200 миллион сўмдан ошди.
Муҳими, тажрибали асаларичининг режалари катта. Дарахтларнинг гуллаш мавсумидан сўнг, асалари уяларини ортиб, аввалига Жиззах вилоятининг Зомин тоғларига, оққурай ўсимлиги гулга киргач Арнасой кўли бўйларига сафарини бошлайди. Бу эса, дарахт гулларидан “баҳор гуллари”, саратонда эса, оққурай ўсимлиги гулларидан “оққурай” ва “пахта гули” асалларини йиғиш имконини беради. Шунга яраша тайёргарлик ишларини ҳозирданоқ бошлаб юборишган.
Айни вақтда эса асалари оилалари учун зарур бўлган асалари қутиларини ва жиҳозларни ясаш ишларини амалга ошириб, тайёр бўлган қутиларни асаларичиликни йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорларга етказиб бермоқда. Хомашё сифатида ўз томорқасига экилган терак, тол дарахтлари шохларидан фойдаланаяпти.
Хуллас, Дониёр ва Қудратжон Абдуллаевларнинг асаларичилик соҳасини ривожлантириш борасида олиб бораётган ишлари оилавий даромаднинг ошишига, нафақат “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, Сайхунобод туманида янги иш ўринларини яратишга, маҳаллий бизнеснинг ривожланишига катта ёрдам беряпти.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири