“Сайхунобод тажрибаси” бўйича семинар
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамкорлигида “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари” мавзусида ўқув- семинар ташкил этилди.
Республика тижорат банклари бошқаруви раислари ўринбосарлари, вилоят иқтисодий комплекс ташкилотлари раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари иштирок этган семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида гапирди.
Таъкидландики, Сайхунобод тажрибаси асосида вилоятдаги ҳар бир маҳаллада 5-7 тагача камбағал, даромадли меҳнат билан шуғулланишга иштиёқи бор ночор хонадонлар танлаб олиниб, уларга ҳудуддаги етакчи тадбиркорлар бириктирилади. Шунингдек, 3 сотих атрофидаги иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш ва бунинг натижасида сараланган оилаларнинг бир йилда 50 миллион сўмдан ошириб даромад топишига кўмаклашиш чора-тадбирлари амалга оширилади. Маҳаллаларга бириктирилган тижорат банклари масъуллари жойлардаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида сараланган хонадонларда даромад манбаини яратиш, томорқа маданиятини шакллантириш, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш, кўчат ўтқазиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қолаверса, аҳолига савдо ва хизмати кўрсатиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш ишларига шахсан жавобгар ҳисобланади.
[gallery-16693]
Вилоятдаги маҳаллаларга бириктирилган тижорат банклари ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда хонадонларни хатловдан ўтказиш ва уларни аҳоли жон бошига оладиган даромадидан келиб чиқиб, молиявий аҳволи қониқарли, молиявий имкониятлари чекланганлар ва молиявий аҳволи паст тоифаларига ажратиш, хонадонларнинг ихтисослашувини ўрганиш ва ишсиз фуқароларга оилавий даромадини ошириш бўйича иш фаолиятига қараб таклиф бериш ҳамда бандлигини таъминлаш, аниқлаган муаммо ва таклифларни ҳал этиш чораларини кўради.
Шунингдек, маҳалладаги меҳнат қилишга ҳаракати бор, лекин имконияти йўқ хонадонлар ажратилиб, уларга келгусида даромад манбаи яратиб бериш мақсадида 30 фоиз банклар ҳисобдан субсидия ва Оилавий тадбиркорлик дастурлари ҳисобидан 70 фоиз кредит маблағлари ажратилади.
Бундан ташқари, маҳалладаги бўш турган бино-иншоотлар ҳамда бўш турган ерлар бўйича муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериш, туман ва шаҳар ҳокимларининг 1-ўринбосарлари бошчилигида тижорат банклари ўз мижозлари билан учрашиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиши ва ечими бўйича шуғулланиб, қўшимча қиймат ва янги иш ўринлари яратиш чораларини кўриши ҳамда мавжуд ресурлардан келиб чиқиб кичик тадбиркорлик йўналишлари бўйича тадбиркорликка жалб қилиш орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
Семинарда “Сайхунобод тажрибаси”ни ҳудудларда жорий этиш бўйича барча тижорат банклари раҳбарлари бириктирилган ҳудуддаги ишчи гуруҳлар билан ишни ташкиллаштириши ҳамда бунда асосий эътиборни ҳар бир маҳаллада камида 5 тадан эҳтиёжманд аҳолини танлаб олиб, уларнинг даромадини ошириш, оиладаги ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш чораларини кўриш, маҳаллада лидер тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш белгиланди.
Видеоконференция алоқа орқали барча туман, шаҳар иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари иштирок этган семинарда иштирокчилардан келиб тушган муаммо ва таклифлар ҳам атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли масъулларга аниқ ва муддатли топшириқлар берилди.
Семинарда маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича вилоятда амалга иширилган ишлар муҳокама этилиб, берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва керакли тавсиялар ишлаб чиқилди
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари