Ҳаётнинг ўзи мактаб. Унинг сўқмоқларидан қоқилиб, адашиб, баъзида боши берк кўчаларга кириб қоласан, аммо интилган, ҳаракат қилган, янгиликни маёқ деб билганлар барибир манзилга етади.
Фарғоналик тадбиркор Абдураҳмон Ниёзов ана шундай мураккаб ҳаёт йўлидан ўтган инсонларнинг бири. Дастлаб “Сайқал” ҳусусий корхонасини очиб, ногиронлар аравачаси ишлаб чиқаришга киришди. Аҳоли ўртасида унга талаб бор эди. Аммо Ўзбекистондек мамлакатга шундай аравачалар чет элдан келтириларди.
Тадбиркор мавжуд аравачаларга нисбатан қулайроқ лойиҳа яратди. Сўнгра кичик цех очиб уни ўзи ишлаб чиқарди. Аста- секин таянч ва ҳаракат аравачаларидан ҳатто хорижда йўқ ёки камёб нусхаларини ихтиро қилди. Бугунга келиб “Сайқал” кунига 100-120 донадан 30 турга яқин арзон маҳсулот ишлаб чиқармоқда ва бу ижтимоий ҳимоя тизимига катта қўлловдир. Абдураҳмон ака замон талабига асосан инновацион ғояларни амалда қўллаяпти.
– 2025 йилда аккумуляторли, яъни электр узатмали ногиронлар аравачаси ишлаб чиқариш бошланади, – дейди у.
Сиз кўриб турган қурилиши давом этаётган улкан бино яқин вақт ичида электр узатмали, яъни аккумулятор қуввати билан ҳаракатланадиган ногиронлик аравачалари ишлаб чиқара бошлайди.
Тадбиркор давлат яратган шароитлардан руҳланиб, яна бир ҳайрли янгиликка қўл урди. Тошдан, ҳа-ҳа, тошдан қоғоз ишлаб чиқарадиган завод қуриб фойдаланишга жорий этди. 2021 йилда эса Президентимиз унинг очилиш тантанасида иштирок этди.
– Президентимиз Фарғонага келиб кетганларидан сўнг корхонани янада кенгайтирдик. Янги ускуналар олиб келдик. Бугун тошдан ишлаб чиқарилган қоғозни Болгария, Россия, Туркияга экспорт қиляпмиз, – дейди тадбиркор. – Шу кунларда ҳам Россияга жуда катта миқдорда экспорт қилиш давом этяпти.
Абдураҳмон ака давлат раҳбари билан бўлган учрашувдан сўнг янги-янги ғоя ва топилмалар изидан юриб чарчамади.
– Бу йил тошқоғозни ламинация қилдик, – дейди Абдураҳмон ака. – Энди унга озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқлайдиган, масалан, музқаймоқ, маргарин, қаймоқ ва бошқа маҳсулотлар солиш ҳамда ўраш мумкин. Бунинг учун таркибимизда яна бир қўшма корхона очдик ва ишга туширдик.
Ўзбекистон деҳқончилиги учун сув захиралари йилдан-йилга озайиб боряпти. Эҳтиёж эса ортмоқда. Давлат раҳбари тежамкорликнинг ҳар қандай кўринишини қўллаяпти. Масалан, томчилатиб суғориш учун субсидиялар берилмоқда. Ички ариқларни бетонлаш оммавий тус олди. Шунда тадбиркор яна бир янгиликни жорий этди: дунё тажрибасида ҳам камёб бўлган ўрама бетон қопламалар ишлаб чиқарди.
– Англия, Россия, Хитой давлатларидан келган вакиллар ўзлари ишлаб чиқарган ўрама бетонни сотиб олишни таклиф қилишди. Лекин улар жуда қиммат эди. 1 квадрат метр ўрама бетонни Англия 21, Россия 16, хитойлик тадбиркорлар эса 14 доллардан таклиф қилишди. Дунёга Ал- Хоразмий, Ал-Фарғоний каби буюк зотларни берган халқимиз шуни ўзлари ишлаб чиқолмайдими, деган фикр менга тинчлик бермади ва узоқ изланишлардан сўнг ўрама бетонни технологик талаблар асосида ишлаб чиқаришга эришдик, – дейди ғурур билан корхона раҳбари. – Бунинг нархи эса 1 квадрат метри 44 минг сўмни ташкил этади. Уни бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари, Фарғонада эса Сўх туманида қўллашмоқда. Агар дастлаб у 6 маркали бўлса, ҳозир 8 маркали бетонлар ишлаб чиқаряпмиз.
Энди тўрт киши бир кунда бир километр ариқни бетонлай олади. Тез, арзон ва сифатли. Бунинг учун ариқ текисланади, унга ўрама бетон ёйиб солинади, уч бор сувлангач у мустаҳкам бетон каби қотади. Бундай бетон ариқ сувни тежаб исталган пайкалгача етказади.
Шу йилнинг қисқа ойлари ичида биргина Россияга 16,5 минг квадрат метр ўрама бетон экспорт қилинибди.
Қаҳрамонимизнинг ўзига хослиги шундаки, у чин маънода бирон кун ҳам дам олиб ётолмайди. Изланади, китоб титкилайди, компьютер кўради. Шу кунларда Ўзбекистон сув хўжалиги учун яна бир янгиликни таклиф этди. У ўн минглаб километрга чўзилган зовурлардан фойдаланиш сифатини оширувчи ва хизмат ҳақини арзонлаштирувчи ўриш агрегатидир.
– Ариқ- зовурлар экскаваторлар билан кавлаб тозаланганда қамишларни томири билан юлиб олиб ташламоқда. У бир кўринишда чиройли манзара беради, аммо бироз вақт ўтганидан сўнг зовур ёнларида тупроқ кўчади ва зовурни саёзлаштиради. Бунинг сабаби шундаки, экскаватор қамишдан тозалаётганда томири билан қўпоради. Томирлар эса аслида арматурага ўхшаб зовур қирғоқларини кўчкидан сақлар эди. Биз ихтиро қилган қамишдан тозалаш технологияси уни ўради, лекин томирлари жойида қолади, – дейди ихтирочи тадбиркор. – Натижада тупроқ ўпирилиши рўй бермайди. Биз бу ускунани катта экскаваторга ҳам, кичик экскаваторга ҳам илиб ишлатадиган қилиб яратдик.
Корзинали ўроқ Ёзёвон чўлларида дастлабки синовдан ўтди. Зовур бўйлари қисқа вақт ичида сув йўлини тўсган қамишлардан тозаланди. Тез ва арзон.
Аслида бундай ускуна билан ҳудудлараро магистрал йўл четларидаги ҳашак ва ёввойи ўтларни ҳам ўриб олиш мумкин экан.
Хуллас, “Сайқал”га сайқал бераётган Абдураҳмон Ниёзов гўё ғояларга қайнар булоқ, дейсиз. Янги йил режаларини сир тутган тадбиркор фақат табрик билан чекланди:
– Ўзбекистон халқини кириб келаётган 2025 йил билан табриклайман. Бу йил омадлар йили бўлсин. Президентимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлайверсин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/llVCTQjGvG4" title="“Sayqal” – ijtimoiy himoya tizimining tayanch korxonasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео,сурат), ЎзА мухбирлари