“Саёҳат – зиёрат – саломатлик”
11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилоят Кенгаши, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Саёҳат – зиёрат – саломатлик” шиори остида юриш марафони ташкил этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгаши ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган марафон Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари – “Шарқ” кинотеатри олдидан Алишер Навоий номидаги Марказий истироҳат боғи, Университет хиёбони, Амир Темур мақбараси, Регистон майдонигача бўлган масофани қамраб олди.
[gallery-14484]
– Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида касаба уюшмаларининг ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят Кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Ўзбекистон Касаба уюшмалари кунининг белгиланиши ҳам тизимнинг жамиятдаги ўрни нечоғлик муҳим эканлигини кўрсатмоқда. Бугунги юриш марафонидаги уюшқоқлик ҳам юқоридаги фикрларимизнинг ёрқин исботи, деб биламан. Марафонни “Саёҳат – зиёрат – саломатлик” деб номлаб муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш орқали ҳам руҳимизни, ҳам жисмимизни саломат сақлашга бўлган интилишларимизни ифода этдик. Бу аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзининг ўзига хос тарғиботи вазифасини ҳам ўтади, деб ўйлайман.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари