Сайловлар очиқ ва ошкора руҳда ўтади
Қашқадарё вилоятида ҳам мамлакатимизда жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларга тайёргарлик жараёни бормоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳам мамлакатимизда жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларга тайёргарлик жараёни бормоқда.
Бунда миллий сайлов тизимининг ажралмас қисми бўлган сайлов комиссияларининг алоҳида ўрни бор. Айни пайтда вилоят ва округ сайлов комиссиялари ўз фаолиятини белгиланган тартиб ва қонуний меъёрлар асосида олиб бормоқда.
Юртимизда сайловларни ўтказиш бўйича бой миллий тажриба бор ва у ҳамиша халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартлари талабларига мос ҳолда ташкил этилади. Жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, (шаҳар) туман кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасидаги асосий масъулият сайлов комиссиялари зиммасида. Қарши шаҳридаги “Ўзбурғунефтгаз” акциядорлик жамияти биносида жойлашган вилоят сайлов комиссияси томонидан барча тадбирлар сайлов кодекси асосида шакллантирилмоқда.
Хоналар замонавий технологиялар билан жиҳозланган, сайлов комиссиялари билан ўзаро алоқани олиб бориш учун алоқа хизмати, сайлов қонунчилиги бўйича адабиётлар ва интернет тармоғи мавжуд. Вилоятда айни пайтда жами 502 та округ сайлов комиссиялари шакллантирилди. Шундан 14 та Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича, 59 та халқ депутатлари вилоят кенгашлари депутатлигига сайлов ўтказиш учун, 429 та халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари депутатлигига сайлов ўтказувчи округ сайлов участкаларидир.
Улардан бири Қарши шаҳрида жойлашган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 125-Қарши округ сайлов комиссиясидир.
– Сайлов жараёнларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди 125-Қарши округ сайлов комиссияси раиси Ботир Шукуров. – Ҳозирда марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан 125-Қарши сайлов округи ташкил этилиб, ўз ишини бошлади. 9 кишидан иборат комиссия аъзолари тасдиқланди. Комиссия аъзоларининг вазифалари белгилаб берилди ҳамда участка сайлов комиссия аъзоларини рўйхатини шакллантириш борасидаги ишлар олиб борилмоқда. Мақсад сайловнинг очиқ, ошкора ва шаффоф ўтишини таъминлаш.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига биноан сайлов комиссиялари сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексининг ижроси юзасидан назорат ишларини олиб боради. Сайловгача бўлган барча белгиланган ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.