Сайловлар – демократик жамият пойдевори
Сайлов – фуқароларнинг у ёки бу номзодни ёқлаб овоз бериши орқали давлат ҳокимияти органларини шакллантириш жараёни ҳисобланади. Жорий йилги сайловлар илк бор мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади.
Таъкидлаш лозим, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари кенгашлари депутатлиги учун сайлов Қомусимизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилмоқда. Ушбу муҳим сиёсий жараён демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ва халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси экан, 18 ёшга тўлган ҳар бир ватандош бу имкониятдан тўлиқ фойдаланиши, сайловда иштирок этиш орқали давлатнинг эртанги кунини белгилашда аниқ позициясини намоён этиши мақсадга мувофиқ.
Мамлакатимизда яратилган янги сайлов тизими фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқи тўлиқ амалга ошишига хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги юксалиб, янги Ўзбекистон тақдирига, ўзи ва оиласи келажагига дахлдорлик ҳисси янада ортиб бораётганини намоён этади.
Бу гал сайлов қонунчилигига ҳам муҳим ўзгаришлар киритилди. Президент томонидан 2024 йилнинг 4 сентябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида” Қонун билан сайловга оид қонун ҳужжатларига ҳам баъзи ўзгартиришлар киритилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, сайлов комиссиясининг ёки референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоси томонидан фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенини берганлик учун жавобгарлик белгиланди. Ушбу норма билан бир оила аъзоси сайлов участкасига келиб, бутун оиласи номидан овоз бериши каби салбий ҳолатларга барҳам берилади. Конституцияда белгилаб қўйилган “Ҳар бир сайловчи бир овозга эга”, деган талаб ижроси таъминланади.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, “E-saylov” ахборот тизимининг жорий этилиши олдинга катта силжиш бўлиб, сайлов жараёнини замонавийлаштиришга хизмат қилади. Ҳозирги вақтда ахборот тизими орқали сайлов жараёнларига оид деярли 60 турдаги муносабатлар тўлиқ рақамлаштирилган. Мазкур ахборот тизими инсон омилисиз сайлов жараёни иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни тўлиқ рақамлаштириш, сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракатини қисқартириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, сайловларга оид маълумотларнинг янада очиқлигини таъминлайди.
Таҳлилларга кўра, мазкур тизимда 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчилари, жумладан, сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид маълумотлар базаси шаклланади. Ахборот тизимидан сайлов жараёнининг 32 минг нафар иштирокчиси профессионал тарзда фойдаланади. Фойдаланувчилар билан 40 турдаги SMS-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилади.
Яна бир янгилик, сиёсий партиялар сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ташвиқот материалларини тайёрлашларига рухсат этилганидир. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, сиёсий партиялар ва номзодлар сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда тайёрланган ҳар қандай ташвиқот материалларида бу ҳақда маълумот кўрсатишлари шарт. Шунингдек, ҳар қандай шахснинг тасвири ва овозидан фойдаланишда унинг розилиги талаб қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ҳамда сайловларни ўтказиш борасида демократик тамойилларни ўзида акс эттирган самарали тизим яратилди. Сайлов жараёнининг халқаро ҳуқуқ нормаларига мос ҳолда, ошкоралик, кўппартиявийлик, эркинлик, тенглик тамойилларига мувофиқ равишда бўлиб ўтиши демократик жараёнларнинг натижасини белгилаб беради.
Манзура Рустамова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси.
ЎзА.