Сайловда шахсан ўзим овоз бераман!
Ривожланган давлатларда демократик тамойиллар жуда қадрланади. Бу, мамлакатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари билан янада сайқал топади.
Бугун юртдошларимиз – Ўзбекистон фуқаролари ана шундай тарихий паллада – Президент сайлови арафасида турибди. Саноқли кунлардан кейин халқимиз тарихий танловни амалга оширади. Яъни, 24 октябрь куни мамлакатимиз тараққиёти учун муносиб номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланади.
Сайлов арафасида эса ўтган йилларда халқимиз ва мамлакатимиз ҳаётида юз берган айрим ўзгаришларни яна бир бор ёдга олиш ўринли бўлади. Бу биргина мамлакатда туризм ва спорт соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Бугун Ўзбекистон дунёга очилиб, янги сайёҳлик манзиллари билан танилиб бормоқда. Маълумки, туризм дунёда энг истиқболли, иқтисодиётга катта фойда келтирадиган соҳалардан бирига айланиб улгурган. Шу маънода, бугун туризмни спорт билан уйғунликда ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам янги факультет ташкил этилиб, малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўз навбатида, бугунги ёшларимиз мамлакат ҳаётига доир муҳим сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирокчи сифатида бўй кўрсатмоқда. Гап шу ҳақда кетганида, якшанба куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида бешта сиёсий партиядан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастури ҳам талаба-ёшларимиз томонидан батафсил ўрганилиб, уларда илгари сурилган дастурий ғоялар кенг муҳокамалар марказида бўлиб турибди.
Демак, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида талаба-ёшларимиз билан бирга, ўзимиз танлаган номзодга овоз берамиз. Бу жараёнда эса ҳар биримизнинг овозимиз мамлакат келажаги, фаровон ҳаётимиз кафолати эканини асло унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам мен сайловда шахсан ўзим овоз бераман!
Азизхон Тиллахўжаев
ЎзДЖТСУ Спортни бошқариш ва туризм факультети декани.