Сайловда овоз бериш жараёни бошланди
Бугун, 2024 йил 27 октябрь – мамлакатимизда сайловлар куни. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайлови бўлиб ўтмоқда.
Сайлов жараёнини кузатиш мақсадида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 362-сайлов участкасига келдик.
Сайлов участкасида сайловчиларнинг овоз бериши учун барча шароитлар яратилган. Кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари жараённи кузатиб бориши учун ҳам имконият яратилган.

Участка сайлов комиссияси раиси Баҳодир Мирфаёзовнинг айтишича, участкага тумандаги Ўқчи ва Олмазор маҳаллалари бириктирилган. 2 минг 737 нафар сайловчи рўйхатга олинган.
Соат 08.00.да сайлов участкаси давлатимиз мадҳияси остида овоз бериш учун очилди.

Участка сайлов комиссияси аъзолари иштирокида, кузатувчилар олдида сайлов қутиси бўш эканлиги намойиш этилди ва пломбаланди.
Участка очилишини кутиб турган аҳоли овоз беришни бошлади.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА