Демократик ҳуқуқий давлатда халқнинг хоҳиш-иродаси бирламчи ҳисобланади ва умумхалқ сайловлари асосида давлат ҳокимияти шакллантирилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг II-боб 7-моддасида мустаҳкамланган «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир», VIII-боб 36-моддасида белгиланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга»лигига оид нормалар ҳам бунинг ифодасидир. Мамлакатимизда сайлов жараёнида ушбу нормалар ўз амалий ифодасини топади.
Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов Кодекси билан кафолатланади. 2023 йилда қабул қилинган Конституцияга мувофиқ суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларгина сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Демак, билишимиз керакки, сайловчиларнинг сайловга оид сиёсий ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган.
Хўш қонунчиликка мувофиқ сайловчилар рўйхатини шакллантиришга оид қандай ҳуқуқий кафолатлар белгиланган?
Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексига мувофиқ, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилади. Бундан билиш мумкинки, сайлов куни ҳам 18 ёшга тўладиган фуқаролар ҳам ушбу рўйхатга киритилиши кафолатланган.
Ҳар битта сайловчи доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи бўйича битта сайлов рўйхатига фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили бўйича киритилиши лозим. Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.
Ҳарбий қисмларда истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари шунингдек, вақтинча яшаш жойида бўлмаган фуқаролар, жумладан, Санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.
Чет элда истиқомат қилувчи ёки хорижга вақтинча келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳам ушбу сиёсий ҳуқуқидан фойдаланиши учун давлат барча шароитларни таъминлаб беради. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.
Бунда фуқароларимизни Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.
Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини олганидан кейин уни участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш чораларини кўради ва натижалари бўйича зарурат бўлса, сайловчининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин.
Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади. Чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.
Амалиётда айрим фуқароларнинг сайлов рўйхати танишиб чиқиш учун эълон қилинган вақтда, ҳатто сайлов куни ҳам сайловчилар рўйхатидан тушиб қолганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Хўш, ушбу ҳолатда фуқаро ўз конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш учун қаерга мурожаат қилиши керак?
Сайлов Кодексига мувофиқ, сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин. Бу, албатта, фуқаро доимий ёки вақтинчалик яшаётган ҳудудда тузилган, жумладан, чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.
Сайлов куни бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.
Масалан, фуқаро чет давлатида турган бўлса, унинг мурожаатига кўра Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун дарҳол тақдим этади.
Бундан ташқари, қонунчиликда Ўзбекистон Республикасида сайлов ёшига етган ҳар бир фуқаро агар сайловчилар рўйхатида хатолик ёки ноаниқлик кўрса, доимий яшаш жойидаги ёки вақтинчалик яшаш жойидаги сайлов комиссиясига арз қилиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу мурожаат участка сайлов комиссияси томонидан 24 соат ичида текширилиши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.
Агар фуқаро участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорларидан норози бўлса, юқори турувчи сайлов комиссияси ва судга мурожаат қилиши мумкин.
Х.Сафарова,
Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси