Сайловчилар билан учрашувлар давом этмоқда
Президент сайловига саноқли кунлар қолган айни кунларда номзодларнинг ишончли вакиллари ҳар бир туман ва шаҳарларда бўлиб, сайловчиларга номзодлар ва уларнинг сайловолди дастуридаги ғоя ва мақсадларини етказишда давом этмоқда.
Жумладан, “Адолат” СДПдан Президентликка номзод қилиб кўрсатилган Баҳром Абдуҳалимовнинг Тошкент шаҳри ҳудуди бўйича ишончли вакили Садриддин Туробжонов шаҳар ҳудудлари аҳолиси билан юзма-юз учрашиб, тарғибот-ташвиқот ишларини жадал олиб бормоқда.
Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ташкил этилди. Учрашувда партия фаоллари, депутатлар, Тошкент Шарқшунослик институти талабалари ҳамда Шайхонтоҳур туман аҳолиси вакиллари иштирок этди.
Дастлаб тадбирда иштирокчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ишончли вакил томонидан батафсил таништирилди. Сўнгра номзод дастуридаги бандларга алоҳида тўхталиб, ундаги устувор мақсадлар моҳияти тушунтирилди.
– Мамлакатимизда демократик ислоҳотлар кундан-кунга ривож топиб бормоқда, – дейди тадбирда иштирок этган сайловчи Наима Шукурова. – Бунинг исботини бу йилги Президент сайлови мисолида ҳам кўришимиз мумкин. “Адолат” СДПнинг бугунги тадбири ва унда айтилган ғоялар менга жуда маъқул бўлди. Унда халқ учун аҳамиятли ғоялар, мақсадлар мужассам эканлиги эътиборга молик.
Учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА