
“Ўзбекистон – 2030” – халқ стратегияси” онлайн порталига 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.
Айтиш мумкинки, давлат дастури лойиҳасида 2025 йил давомида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишни назарда тутувчи жуда катта марралар олинган.
Хусусан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини амалга ошириши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, табиий ресурсларни тежаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва халқаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга оид аниқ йўналишлар ўз ифодасини топган.

Давлат дастури лойиҳасида Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати фаолияти кафолатини кучайтириш масаласи илгари сурилмоқда.
Бунда депутатлик фаолиятида бошқаларга ўрнак бўлган халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг фаол депутатларини тегишли сиёсий партия раҳбарининг тақдимномасига асосан Миллий кадрлар захирасига киритиш амалиёти йўлга қўйилади.
Ушбу амалиётнинг жорий этилиши, депутатларнинг фаолият самарадорлигини янада ошишига, сайловчилар ва номзодини кўрсатган сиёсий партия билан алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг бир қатор ваколатлари маҳаллий Кенгашларга олиб берилиб, Кенгаш сўрови ва Кенгаш текшируви каби янги механизмлар жорий этилди.
Давлат дастури лойиҳасида маҳаллий бюджетни шакллантириш жараёнига маҳаллий Кенгаш депутатларини фаол жалб этиш орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, депутатлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш назарда тутилган.
Бунда бюджет лойиҳасини шакллантиришда ҳудудлар хусусиятидан келиб чиқиб, бюджет харажатларининг уч-беш фоизи бевосита маҳаллий Кенгаш депутатларининг ташаббуси асосида ажратиш амалиёти йўлга қўйилади. Ушбу жараёнда Сенат билан ҳамкорликда “Сайловчи-депутат-ҳоким-Кенгаш” тўрт бўғинли ўзаро ҳамкорлик тизими жорий этилиши белгиланмоқда.
Мазкур жараёнда тўрт бўғинни ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти жуда муҳим ҳисобланади. Хусусан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланган округи ҳудудида сайловчилар билан учрашувлар ва юзма-юз мулоқотлар ўтказиш орқали жамоатчиликнинг фикрини ўрганади ҳамда ечимини кутаётган масалаларни аниқлайди ва ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича масъул ижро органларига таклифлар киритади.
Киритилган таклифларнинг ижро органлари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилиб, масала ечими юзасидан зарур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ва улар томонидан маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликда маблағ ажратиш чораларини кўрилиши ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижаси ҳисобланади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА