Сайлов жараёни билимдонлари
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда “Мен сайловга тайёрман!” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда “Мен сайловга тайёрман!” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Танлов талаба-ёшларнинг ҳуқуқий билимларини бойитиш ва жорий йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш тадбирлари доирасида ташкил этилди. Ёшлар ўртасида сайлов қонунчилигини кенг тарғиб қилишга қаратилган танловда Бухоро давлат тиббиёт институтининг “Либераллар“, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалининг “Ёш депутатлар“ ҳамда Бухоро муҳандислик-технология институтининг “Парвоз“ жамоалари баҳслашди.
Унда ёшлар тегишли шартлар асосида ўз жамоаси, таълим муассасасини тақдимот қилди ва кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни нечоғли теран англашларини, миллий сайлов қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг мазмун-моҳияти борасидаги билимларини намойиш қилди. Улар “Ўзбекистон келажаги тасаввуримда” мавзусида тайёрлаган видеороликда одил сайлов тизими ва механизмини амалга ошириш борасидаги қарашларини ифода этиш билан бирга, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш бўйича таклифларини ҳам илгари сурди.
Билимдонлик баҳси якунларига кўра, Бухоро давлат тиббиёт институтининг “Либераллар“ жамоаси ғолиб чиқиб, танловнинг минтақавий босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлажак сайловларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида институтимизда ҳам уларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга катта эътибор қаратилаётир, – деди Бухоро давлат тиббиёт институти Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Азизбек Иноятов. – Хусусан, талабалар ўртасида сайлов қонунчилиги мужассам этилган янги Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этилмоқда. “Либераллар” жамоамиз “Мен сайловга тайёрман!” танловида ғолиб чиқиши ҳам тасодифий эмас. Таъкидлаш керак, бу жамоа фаоллиги ҳозирданоқ кўзга ташланяпти. Улар муайян кунларда Когон туманида ташкил этилган халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округларида ҳам бўлиб, сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёнига кўмаклашмоқда.