Сайлов – юрт келажаги ва тақдирини белгилайди
Ўзбeкистон Рeспубликасида сайлов жараёни бир-бирини тўлдириб борувчи бир қанча босқичлардан иборат. Сайлов жараёнининг босқичлари дeганда, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш учун бeлгиланган даврлар тушунилади. Улар доирасида қонунларда кўзда тутилган сайлов ҳаракатлари, шунингдeк, сайловчилар ва сайловнинг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминловчи сайлов тартиб-тамойиллари амалга ошириб борилади.
Одатда, ҳар қандай сайлов жараёни қуйидаги асосий босқичлардан ташкил топади. Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш ёки сайловларни тайинлаш, сайлов округлари ва сайлов участкаларини тузиш, сайлов комиссияларини тузиш, номзодлар кўрсатиш ва уларни рўйхатга олиш, сайловолди ташвиқоти, сайловчилар рўйхатини тузиш, овоз бeришни ташкил этиш ва сайлов натижаларини аниқлаш ва сайлов якунларини эълон қилиш.
Зарурат туғилса, такрорий овоз бeриш ҳамда такрорий сайлов ўтказилади. Булар қўшимча босқичлардир.
Сайловолди ташвиқоти сиёсий партия дастури ҳамда депутатликка номзоднинг қобилиятига асосланади. Унда турли босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа материаллардан фойдаланиш мумкин. Аммо соғлом рақобатдан ҳоли бўлган сайловолди ташвиқотини ўтказиш таъқиқланади. Яъни, сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш мумкин эмас.
Халқимизда азал-азалдан ҳар қандай рақобат ҳалоллик тамойиллари асосида бўлиши одатга айланган. Ҳозирга қадар миллий спорт ўйинимиз бўлган кураш ҳалоллик рамзи ҳисобланади. Сайловолди ташвиқотида ҳам бир неча сиёсий партиялар номзодлари сайловолди ташвиқотини ўтказиш орқали ўз имкониятларини кўрсатишга, шу билан сайловчиларнинг кўпроқ овозини тўплашга интилади.
Сайлов олди ташвиқотига старт берилгач барча номзодлар ва уларнинг ишoнчли вакиллари электорат билан юзма юз мулоқот қилиб ўз дастурларининг ҳар бир банди бўйича тўхталиб, фикр айтмоқда. Ушбу жараён оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни яқинлашгани сари ушбу жараён ниҳоятда ўзининг авж палласига етмоқда. Ҳар бир партиядан кўрсатилган номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари ҳудудларда аҳоли билан мулоқот қилиб, тарғибот-ташвиқот ишларини тобора кучайтирмоқда.
Aйниқса, сайловолди жараёнларида бир жиҳат яққол кўзга ташланмоқда – халқимизнинг сиёсий фаоллиги, маданияти анча юксалган. Янги Ўзбекистон фуқаролари 90-йиллардаги фуқаролар эмас. Уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юқори даражада. Бугунги кунда номзодларнинг ҳар бир қадами кенг жамоатчилик, ОAВ нигоҳида бўлиб тургани учун бу йилги сайлов, айтиш мумкинки, ҳар бир фуқаро миллий сайлов қонунчилиги тўғрисида тушунчага эга.
Номзодларнинг сайловолди дастурини кенг тарғиб этиш, бунда қонунчиликка тўла-тўкис амал қилиш, ижтимоий муҳитда етилиб келаётган кайфиятини ҳис қилиб сўз айтиш масаланинг бир қисми бўлса, электорат билан юзма-юз мулоқотлар, ғалвир сувдан кўтариладиган паллада айтилиши лозим бўлган мулоҳазалар алоҳида йўналиш.
Одамлар номзодларнинг дастури билан танишар экан, унинг ишончли вакилларига ҳеч тортинмасдан ўзларини қизиқтирган саволларни бермоқда. Шу билан бирга аниқ масалалар қўймоқда, танқидий фикрлар билдириб, йўл қўйилган камчиликларни ҳам рўй-рост айтаётир.
Янги Ўзбекистонда одамлар ўзгарган, бугунги сайловчи – ўз ҳуқуқини биладиган, фикрини бемалол айта оладиган инсон. Жорий сайловларда учрашув ва мулоқотлар тўғридан-тўғри ва жонли мулоқот тарзида “Лайф” (Live) ёритиб борилмоқда.
Одамларнинг конституциявий ҳуқуқларидан энг муҳими сайлов жараёнларида иштирок этиш ҳисобланади. Бугун, айни шу дақиқаларда бу мавзу ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бугун шуни қувонч билан айтишимиз мумкинки, мамлакатимиздаги ривожланиш ва барқарорлик мувозанати фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширади. Бу юртдошларимизнинг шахсий ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ҳам изоҳланади. Aйниқса, фуқароларимизда мамлакат ҳаёти ва жамиятдаги янгиланишлар жараёнига даҳлдорлик ҳисси шаклланди.
Шуни алоҳида айтиш мумкинки, жамиятимиздаги сиёсий эркинлик, ошкоралик руҳи соғлом тафаккури уйғоқ, фидоий ва ташаббускор, яратувчанликка ташна ва Ватан тақдирига масъул, бунёдкор шахслар вужудга келганини англатмоқда.
Президент сайлови ва унга сайланган номзод мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга тўлиқ ишонч ҳосил қиламиз. Сайловлар муросасиз, баҳс-мунозаларга бой бўлиши табиий. Бугунги кунда номзодларнинг давлатимиз келажаги, халқимиз манфаати кўзланган сайловолди дастурларни партияларнинг ғоявий кураши фикрлар хилма-хиллиги янги истиқбол уфқларини шижоатли авлод салоҳиятини очишга йўл беради.
Жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига мамлакатимиз бўйлаб қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Aйнан шу куни халқимиз билан бирга бу юрт келажагини ва тақдирини белгилаймиз. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган. Бу галги Президент сайловини илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Шу жумладан, сайлов ёшидаги, ҳатто сайлов ёшига етмаган ўғил-қизларга ҳам мамлакатимизда барча соҳалар хусусан, миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тушунчалар бериб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича 266 та округ сайлов комиссиясида 23 нафар, 10 минг 760 та сайлов участкасида 24 минг 539 нафар йигит-қиз фаолият юритмоқда. Шунинг ўзиёқ ёшларнинг сайлов жараёнларига бефарқ эмаслигидан далолат беради. Жорий йил сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган 21 миллиондан зиёд сайловчидан қарийиб 7 миллионини 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Шулардан 880 мингдан кўпроғи илк маротаба ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун аккредитациядан ўтказилган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилар умумий сони
380 нафарни, маҳаллий ОAВ вакиллари 1357, хорижий ОAВ эса
146 нафарни ташкил этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 37 та чет давлатларида 54 та сайлов участкалари тузилган. Ушбу сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар округ сайлов участкаларига қарашли.
Сайлов кодексига кўра муддатдан олдин овоз бериш – фуқаролар сайлов ҳуқуқини таъминлашнинг муҳим воситаси. Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексига асосан, муддатдан олдин овоз бериш
10 кун қолганда бошланади ва 3 кун қолганда тугатилади. Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи муддатдан олдин овоз бериши мумкин.
2021 йил 14-20 октябрь кунлари сайловда муддатидан олдин овоз бериш ўтказилади. Сайловчиларга овоз бериш учун барча шарт-шароитлар сайлов участкаларида яратилган.
Сайлов участкасида муддатдан олдин овоз бериш вақти соати белгиланди, соат 9:00 дан 19:00 га қадар давом этади. Aйниқса сайлов участкаларида карантин талабларига риоя этилишини таъминлаш учун 21 мингдан ортиқ тиббий ходимлар бириктирилди.
Бугун юртимизда муҳим сиёсий тадбир – Президент сайловига таёргарлик жараёни қизғин паллага кирди. Aйни пайтда сайлов компаниясининг муҳим босқичлари бошланмоқда.
Бу биринчи навбатда сайлов ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сайловчилар рўйхатига киритилган ҳамда номзодларнинг сайлов олди ташвиқоти жараёнлари билан аҳамиятлидир. Сайлов участкалари сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар томонлама шинам ва кўркам биноларга жойлаштирилди. Шунингдек, сайловчилар рўйхати ягона электрон рўйхатдан сайлов участкаларига босқичма-босқич тақсимланмоқда.
Мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа бўлган Президент сайловининг халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик асосида ўтказиш учун барча шароитлар мавжуд.
Президент сайловини ўтказишда сайловчиларга янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида махсус бот ташкил этилди. Бунга кўра, сайловчи ўзи яшаб турган ҳудуд қайси сайлов участкасига тегишли эканлиги ҳамда сайлов участкасининг манзили жойлашган геолокацияси ҳақида маълумотларни олиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ҳар томонлама пухта тайёргарлик асосида ўтказилишида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан амалга оширилади.
Президент сайлови компанияси сиёсий партиялар, номзодлар, ишончли вакиллар, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари , энг асосийси, сайловчилар учун кўтарингки кайфиятда давом этаяпти. Бугун халқимиз келгуси беш йиллик истиқболи ва тараққиёти учун сайловда ўз овозини беришга ҳозирланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, сайлов – мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим жараёнлардан бири саналади. Унда ҳар бир сайловчи, шу жумладан, ёшларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, юртимизнинг тақдири ва эртасига бефарқ бўлмаган сайловчиларимиз муносиб номзод учун ўз овоз беради. Ушбу сайловда ҳар биримиз фаол иштирок этайлик.
Орифжон Бозоров,
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори