Сайлов ва оммавий ахборот воситалари
Марказий сайлов комиссияси ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган “2019-2021 йилларда Ўзбекистонда сайлов жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида фаолият кўрсатаётган журналистлар учун сайловларни оммавий ахборот воситаларида самарали ёритишга бағишланган онлайн тренинг ташкил этилди.
Марказий сайлов комиссияси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги ваколатхонаси ва Швейцария элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилаётган икки кунлик семинарнинг дастлабки кунида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Қўчқоров халқаро стандартлар ва тавсиялар асосида мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, Сайлов кодексининг ўзига хос хусусиятлари, миллий тажриба ва амалиёт ҳақида сўз юритди.
Словакиялик халқаро эксперт Иван Годарский эса сайлов жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг халқаро стандартлари ва хорижий тажриба ҳақида маъруза қилди. Бир қатор давлатлар мисолида бу жараённинг қай тарзда амалга оширилиши таҳлил қилинди.
Шунингдек, маҳаллий тренерлар – Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқтувчилари, доцент Беруний Алимов, Гулмира Шукурова сайлов қонунчилигига зид ҳаракатлар учун жавобгарлик, сайловдан олдинги “сукунат куни”нинг аҳамияти, сиёсий партияларнинг сайловолди дастури асосида таҳлилий материаллар тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида маълумот берди.
Сайлов кампанияси ва сайловолди ташвиқотини оммавий ахборот воситаларида ёритишдаги камчиликлар муҳокама этилиб, иштирокчиларнинг такиф ва мулоҳазалари эшитилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА