Сайлов участкалари сайловга шай
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси ва Тошкент вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда комиссия раиси Маҳмуд Болтабоев округ ҳудудидаги участкаларда муддатидан олдин овоз бериш жараёнининг натижалари, жойларда сайловга тайёргарлик кўриш ва сукунат куни билан боғлиқ масалалар бўйича маълумот берди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 13 октябрдаги “Айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди. Унга кўра, 10-Тошкент вилояти сайлов округида овоз бериш куни сайлов жараёни онлайн видео-трансляция қилинадиган 22 та сайлов участкаси рўйхати тасдиқланди. Айни пайтда вилоятдаги 963 та сайлов участкасининг барчаси сайловга тайёр. Жорий йилнинг 20 откябрь куни сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш якунланди. 14 октябрда бошланган муддатидан олдин овоз беришда 22 минг 745 нафар сайловчи иштирок этди.
Хусусан, ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда энг кўп Зангиота туманида 3 минг 610 нафар, Чирчиқ шаҳрида 2 минг 430 нафар, Ўрта Чирчиқ туманида 1 минг 548 нафар, Паркент туманида 1 минг 436 нафар, Бўстонлиқ туманида 1 минг 427 нафар фуқаролар ва 1 минг 743 нафар ҳарбийлар муддатидан олдин овоз беришда қатнашди. Ҳозир сайлов пандемия шароитида ўтаётгани инобатга олиниб, бир марталик тиббий ниқоб, антисептик воситалар, комиссия аъзолари учун ҳимоя воситалари ажратилган ва етказилди. Жойларда ҳар бир сайлов участкасига икки нафардан тиббиёт ходимлари бириктирилди. Якуний рўйхатга киритилган сайловчиларнинг умумий сони 1 миллион 799 минг 742 нафарни, жумладан, сайловда қатнашувчи 18-30 ёшдаги фуқаролар 567 минг 621 нафарни (31.5 фоиз), аёллар 907 минг 837 нафарни (50.44 фоиз) ташкил этмоқда.

Матбуот анжуманида мутахассислар томонидан сукунат куни ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволарга комиссия раиси ва аъзоларидан жавоблар олди.
Шундан сўнг Нурафшон шаҳридаги сайлов участкаларида сайловчилар учун яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
А.Мусаев, ЎзА.