Сайлов қонунчилиги тарғиботи давом этмоқда
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги“ доирасида Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, жумладан сайловчиларга тушунтиришга қаратилган семинар ўтказилди.
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги“ доирасида Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, жумладан сайловчиларга тушунтиришга қаратилган семинар ўтказилди.
Вилоят адлия бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 94-Нурафшон округи ҳудудидаги аҳоли вакиллари, округ аъзолари, жамоат тузилмалари вакиллари, оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди.
Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловлар тобора яқинлашмоқда. “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар!” умумшиори остида ўтадиган муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик айни авжида. Бу жараёнда аҳолининг ҳуқуқий маданияти, хусусан, сайлов қонунчилигидан хабардорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан мамлакатимиз бўйлаб 20 октябрдан 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилмоқда.
Мазкур ойлик доирасида Тошкент вилоятининг барча ҳудудлари, меҳнат жамоаларида Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтириш, сайловларнинг мамлакатимиз сиёсати, халқимиз ҳаётидаги аҳамиятини тарғиб этишга доир кўплаб учрашув ва мулоқотлар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тажрибаларнинг навбатдагиси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Қайд этилганидек, айни пайтда вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та, халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 626 та округ сайлов комиссиялари тузилди. Шунингдек, 950 та сайлов участкаси мавжуд. Сайловларда овоз берувчилар сони 1 млн 830 минг 676 нафарни ташкил этмоқда.
Анжуманда Марказий сайлов комиссияси котиби Х.Маматов ва бошқалар томонидан халқимизнинг сиёсий онги ва маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга монанд ўсиб бораётгани, жамиятда очиқлик таъминланаётгани, бўлажак сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтиши айни жараёнга ҳамда юксак демократик тамойилларга тўла мувофиқ экани таъкидланди.
Округ комиссиялари аъзоларига сайловларни юқори даражада ташкил этиш, бу борада кодексда назарда тутилган тамойилларга оғишмай амал қилиш борасидаги зарур тавсиялар берилди.



