Сайлов менинг ҳуқуқим
Навоий вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан Навоий машинасизлик заводи ишлаб чиқариш бирлашмасида “Сайлов менинг ҳуқуқим” акцияси ташкил этилди.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловни юқори даражада ташкил этиш ва сайловчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари давом этмоқда.

Бугунги кунда “Навоий машинасизлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасида мингдан ортиқ ишчи ва хизматчи фаолият олиб боради. Навоий вилояти адлия органлари масъуллари “Сайлов менинг ҳуқуқим” акцияси доирасида мазкур соҳа вакиллари билан ҳам мулоқотда бўлди. Тадбир давомида йиғилганларга сайлов натижалари Ўзбекистон келажаги, юртимизда бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлашга бевосита дахлдор эканлиги таъкидланиб, фуқароларни сайловда фаол иштирок этиш, ўзларининг конституциявий бурчларини бажариши кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, мутахассислар томонидан сайлов қонунчилиги тушунтирилиб, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, демократия кўзгуси ҳисобланган бу сиёсий жараённи юқори савияда, қонунчилик талаблари ва халқаро стандартлар талаби даражасида ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг сайловда фаол иштирокини таъминлаш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

– Сайлов муҳим сиёсий жараён, – дейди бирлашма маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходими Машҳура Раҳимова. – Бунга ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги лозим. Ташкилотда ҳам ходимларнинг сиёсий билимларини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада адлия органлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бирлашмамиз цехларида сайлов бурчаклари ташкил этиш, ички радио алоқа воситалари орқали ходимларни сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан таништириб боришга эътибор қаратиб келмоқдамиз.

“Сайлов менинг ҳуқуқим” акцияси доирасидаги тарғибот тадбирлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида маҳалла фуқаролар йиғинларида давом этди. Маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган тадбирлар давомида фуқароларга сайловга оид маълумотлар тақдим этилиши билан биргаликда маҳалланинг мазкур сиёсий жараёнга тайёргарлиги билан ҳам танишиш имконияти пайдо бўлди.

Ёшлар ўртасида “Тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида ўтказилган “Сайлов викторинаси” уларнинг сайлов қонунчилигига оид билимларини баҳолашда муҳим мезон бўлди.

Тадбирлар давомида сайлов қонунчилигига оид кўргазма материаллари тарқатилди.
Абдували Бўриев, ЎзА