Сайлов демократиянинг муҳим мезони
Бухорода Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасида муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайловлари олдидан, пробация назорати остида турган шахсларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда масъул ташкилот раҳбарлари, пробация назорати остида турган шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинарни Олий Мажлис Сенати аъзоси, Омбудсманнинг Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили Абира Ҳусейнова бошқарди.
[gallery-12339]
Тадбирда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, юридик фанлар номзоди Сайёра Ходжаеванинг “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ва уларнинг халқаро меъёрларга мослиги”, Бандлик ва камбағалликни камайтириш вазирлигининг юридик бўлими бошлиғи, юридик фанлар номзоди Шоира Умарованинг “Ўзбекистон Республикасида Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Таъкидланишича, мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар муддатидан аввалги Президент сайловида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликнинг амалда кенг таъминланиши учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Семинарда сайловга оид Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан таништириш ва овоз берувчиларнинг иштирок этиш салоҳияти оширилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига экспертлар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Шунингдек, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасида сайлов ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари” номли қўлланма тарқатилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА