Сайилда қовуннинг ўнга яқин турлари намойиш этилди
Қовуннинг ҳам тили бўлади дейишади. Унинг тили — таъми, ҳиди, ранги ва навларида, энг муҳими, уни етиштирган деҳқоннинг меҳнатида намоён бўлади. Сирдарё қовунларида эса воҳанинг қуёши, саховатли замини, суви ва миришкор бободеҳқонларнинг йиллар давомида шаклланган тажрибаси мужассам.
Гулистон шаҳрида «Сирдарёда бизнес қилинг!» халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилган «Қовун сайли» ва «Этно-фольклор» фестивали оддий сайилдан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Унда Сирдарёнинг аграр салоҳияти, миллий қадриятлари, ҳунармандчилик анъаналари ва туристик имкониятлари бир майдонда намоён бўлди.
Гулистон шаҳрининг Алишер Навоий кўчаси бўйлаб жойлаштирилган павильонларда вилоятнинг турли ҳудудларидан келтирилган қовунлар бир-биридан шакли, ранги, ҳиди ва таъми билан ажралиб турди. «Кўкча», «Амири», «Оби новвот», «Бўрикалла», «Кампирчопон», «Оқ уруғ», «Шакарпалак», «Кўк каллапўш», «Даҳбеди», «Шерози», «Тошлоқи», «Гулоби», «Баргинай», «Гурвак» каби ўнлаб навлар меҳмонлар эътиборини тортди.
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамроҳлигида хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар, расмий делегациялар, дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар «Қовун сайли» ва «Этно-фольклор» фестивалида иштирок этишди. Улар нафақат қовун етиштирувчи бободеҳқонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг меҳнати ва тажрибаси билан танишди, балки Сирдарёнинг ўзига хос миллий брендлари, фольклор ва этнографик анъаналарига ҳам гувоҳ бўлди. Фольклор жамоалари ижросидаги миллий ва халқона қўшиқлар меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Бир қарашда уларнинг барчаси қовундек. Аммо ҳар бир навнинг ўз тарихи, етиштириш усули, таъми ва харидори бор. Бири асалдек ширинлиги, яна бири новвотдек майин таъми, бошқаси эса хушбўйлиги ва серширалиги билан ажралиб туради.
[gallery-31133]
Сайилда қовуннинг ўзи билан чекланиб қолинмади. Ундан тайёрланадиган қоқи, мураббо, шинни, повидло, шарбат ва бошқа маҳсулотлар ҳам намойиш этилди. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш, янги даромад манбаларини шакллантириш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.
Сайилда етакчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари, корхона ва ташкилотлар учун алоҳида павильонлар ташкил қилиниб, қовун навларининг кўргазма-савдоси йўлга қўйилди. Меҳмонлар нафақат маҳсулотларни томоша қилиш, балки уларни татиб кўриш, етиштириш тажрибаси билан танишиш ва деҳқонлар билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлишди.
Сирдарё воҳасининг табиий-иқлим шароити полизчилик учун қулай. Иссиқ ва қуёшли кунлар, тупроқ хусусиятлари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва, энг муҳими, деҳқонларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган тажрибаси бу ерда етиштирилаётган қовунларнинг ўзига хос таъми ва сифатини белгилайди.
Бироқ яхши қовунни етиштиришнинг ўзи етарли эмас. Уни ўз вақтида йиғиш, саралаш, сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва бозорга етказиш ҳам катта меҳнат ва билим талаб қилади. Шу жиҳатдан, Сирдарёда қовунчиликни оддий полизчилик тармоғи эмас, балки қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш, савдо, экспорт ва агротуризмни бирлаштирувчи муҳим йўналиш сифатида ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Қовунчиликда ҳудуднинг табиий-иқлим шароити ҳам муҳим аҳамиятга эга. Вилоятнинг, айниқса, Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод ва Ховос туманларидаги тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти ва қуёшли кунларнинг кўплиги полиз экинлари, хусусан, қовун етиштириш учун қулай имконият яратади.
Шу боис мазкур ҳудудларда фаолият юритаётган 441 та фермер хўжалиги ва 3 та агрокластерга қарашли 10,9 минг гектар ер майдонида «Оқ уруғ», «Чиллаки», «Амири», «Оби новвот» каби харидоргир қовун навлари етиштирилиб, мўл ҳосил олинмоқда. Шунингдек, ғалладан бўшаган 5,1 минг гектар ер майдонига такрорий экин сифатида «Қоракул», «Қирқма» каби кечки қовун навлари экилди.
Бунинг аҳамияти шундаки, қовунчиликда асосий мавсум билан чекланиб қолмасдан, ердан йил давомида самарали фойдаланиш, такрорий экинлар ҳисобига қўшимча даромад олиш ва бозор талабини узоқроқ муддат давомида қондириш имконияти яратилмоқда.
Аҳамиятлиси, ўтган йили сирдарёлик миришкорлар томонидан жами 16,0 минг гектар майдонда қовуннинг бозоргир ва экспортбоп навлари етиштирилиб, ички ва ташқи бозорларга 366,2 минг тонна маҳсулот етказиб берилди. Бу кўрсаткич вилоятда қовунчилик нафақат ички истеъмолни таъминловчи тармоқ, балки ташқи бозор учун ҳам рақобатбардош маҳсулот етиштиришга қодир муҳим йўналишга айланиб бораётганини кўрсатади.
— Бугун Сирдарёда ўтказилаётган «Қовун сайли»га воҳанинг саховатли заминида етиштирилган энг харидоргир навлардан саралаб келинмоқда. Сайилда қовуннинг 9–10 турдаги навлари билан бир қаторда, қарийб 1000 тонна қовун, тарвуз ва ошқовоқ маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Тадбир якунида ушбу маҳсулотларнинг аҳолига тарқатилиши ҳам сайилнинг халқчил ва эзгу мақсадларга йўналтирилганини кўрсатади, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимлигининг, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибияти мудири Аброр Аллаёров.
Айниқса, бу жараёнга ёшларнинг фаол кириб келаётгани эътиборга молик.
Мирзаобод туманида Президентнинг 2024 йил 5 апрелдаги ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлашга қаратилган қарори асосида «Бир контур — бир маҳсулот» тамойили бўйича 484 нафар ёшга 251 гектар ер майдони ажратилган.
— Ёшлар «Нима бўлар экан?» деб эмас, «Қандай қилиб сифатли маҳсулот етиштириб, даромад олиш мумкин?» деган савол билан ишга киришди, — дейди Мирзаобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари Сирожиддин Кенжаев.
Бугун уларнинг ер майдонларида «Оқ уруғ», «Оби новвот», «Чиллаки», «Босволди», «Кўкча», «Амири» каби бозорбоп қовун навлари етиштирилмоқда. Демак, ажратилган ер ёшлар учун нафақат бандлик, балки тадбиркорлик ва барқарор даромад манбаига ҳам айланмоқда.
Оқолтинлик Камолиддин Хонтўраевнинг натижаси бунга яққол мисол. У бу йил 50 сотих ерда «Оби новвот» навидан мўл ҳосил олди. Мавсум давомида ушбу майдондан 50–60 миллион сўм даромад олган бўлса, йил якунига қадар бу кўрсаткич 100 миллион сўмга етиши кутилмоқда.
Янгиҳаёт маҳалласида эса 152 гектар ер 352 нафар ёшга 30–50 сотихдан тақсимланган. Молиявий имконияти чекланган ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилиб, уларга агрономлар ва маҳаллий мутахассислар бириктирилган. Яъни ёшларга фақат ернинг ўзи эмас, балки уни даромад манбаига айлантириш учун зарур билим ва амалий кўмак ҳам берилмоқда.
Бу тажриба бир ҳақиқатни кўрсатади: қишлоқ хўжалигида ер ажратишнинг ўзи кифоя эмас. Ер, билим, молиявий кўмак, бозор ва харидор ягона занжирга бирлашгандагина ёш деҳқоннинг меҳнати барқарор даромадга айланади.
Алишер Навоий кўчасидаги тадбир эса қовунчилик билан бир қаторда Сирдарёнинг миллий маданияти ва санъатини ҳам кенг намойиш этди. «Этно-фольклор» фестивали доирасида концерт дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар, амалий санъат ва ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий либослар намойиши, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда бадиий ва фольклор жамоаларининг жонли ижролари ташкил этилди.
Ҳар бир туман учун алоҳида майдон ажратилиб, уларнинг ўзига хос фольклор-этнографик анъаналари намойиш этилди. Шу тариқа сайил бир вақтнинг ўзида қишлоқ хўжалиги ярмаркаси, миллий маданият кўриги ва туристик тадбир вазифасини бажарди.
— «Қовун сайли» ва «Этно-фольклор» фестивали форум доирасида ўтказилган оддий тадбир эмас. У Сирдарёнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш, воҳанинг ўзига хос миллий қадриятлари, ҳунармандчилиги, фольклори ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бир бутун туристик бренд сифатида намойиш этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, тадбирда хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий ишбилармонларнинг иштирок этаётгани Сирдарёни халқаро миқёсда янада кенг танитиш учун катта имконият яратмоқда.
Бугун сайёҳ фақат тарихий обида ёки диққатга сазовор масканни кўриш билан чекланмайди. У ҳудуднинг маданияти, миллий таомлари, урф-одатлари, ҳунармандчилиги ва ўзига хос маҳсулотларига ҳам қизиқади. Шу маънода, «Сирдарё қовунлари» каби ўзига хос брендларни «Этно-фольклор» анъаналари билан уйғунлаштириш орқали вилоятда янги туристик йўналишларни шакллантириш мумкин.
Энг муҳими, бундай тадбирлар бир кунлик сайил билан чекланиб қолмасдан, Сирдарёнинг туристик имижини йил давомида тарғиб қилишга хизмат қилади. Келгусида қовунчилик билан боғлиқ агротуризм йўналишларини ривожлантириш, сайёҳларни қовун етиштириш жараёни билан таништириш, фермер хўжаликларига ташрифларни ташкил этиш, маҳаллий маҳсулотларни туристик совға ва сувенирлар сифатида кенг тарғиб қилиш бўйича имкониятларимиз жуда катта, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Шоҳрух Исақулов.
— Бир-биридан номи ва кўриниши билан ажралиб турувчи қовунларнинг бири асал таъмини, яна бири новвот таъмини беради. Ҳидини айтмайсизми — димоғни қитиқлайди. Бундай сайилда нафақат қовун, балки Сирдарёнинг меҳнати, маданияти ва меҳмондўстлигини ҳам ҳис қиласиз, — дейди фестивалга ташриф буюрган ургутлик меҳмон Мурод Ашуров.
— Ҳар йили Гулистонда ўтказиладиган «Қовун сайли»ни интизорлик билан кутаман. Бу йилги сайил ўтган йилгисидан тубдан фарқ қилди. Намойиш этилган қовун навлари ҳам, уларнинг хилма-хиллиги ҳам анча кўпайган. Бозор нархидан арзон сотилаётгани эса одамлар учун яна бир қулайлик. Ушбу тадбирга нафақат ўзим, яқинларим билан бирга ташриф буюрдим. Чунки Қашқадарё замини ҳам Сирдарё замини сингари саховатли. Шириндан-ширин мевалари, тилни ёргудек қовунлари бор. Аммо Мирзачўлнинг «Оби новвот», «Оқ уруғ», «Амири», «Кўкча» каби қовунларининг таъми ўзгача. Бир татиб кўрган киши кейинги йил қовун пишиғигача шуни қўмсайди, — дейди чироқчилик Бахтиёр Маманов.
«Сирдарё қовунлари» бугун воҳанинг ўзига хос брендига айланиб бормоқда. Бу тушунча оддий маҳсулот номидан кенгроқ маъно касб этмоқда. Унда воҳанинг табиий имкониятлари, деҳқончилик анъаналари, фермерларнинг тажрибаси, ёшларнинг ташаббуси, қайта ишлаш имкониятлари ва экспорт салоҳияти бир нуқтада бирлашмоқда.
Қолаверса, қовунчиликнинг агротуризм билан уйғунлашиб бораётгани Сирдарё учун янги имкониятларни очмоқда. Чунки бугун сайёҳ муайян ҳудудга нафақат тарихий обидалар ёки табиат манзараларини кўриш учун, балки шу заминда қандай маҳсулот етиштирилиши, унинг тарихи ва уни яратаётган инсонлар меҳнати билан танишиш учун ҳам ташриф буюради.
Сирдарё учун қовун ана шундай ўзига хос туристик брендга айланиши мумкин. Қувонарлиси, форум доирасида ташкил этилган «Қовун сайли» ва «Этно-фольклор» фестивалининг қамрови йилдан-йилга кенгайиб, унда иштирок этаётганлар, меҳмонлар ва хорижликлар сони ортиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, бу йилги форум ва фестивалда 20 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган меҳмонлар, расмий делегациялар, дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар ҳам иштирок этишди. Бу эса «Қовун сайли» оддий мавсумий тадбирдан вилоятнинг иқтисодий ва туристик имижини тарғиб этувчи кенг кўламли майдонга айланиб бораётганини кўрсатади. Форум доирасида ташкил этилган қовун сайли ва этно-фольклор фестивали нафақат юртимизнинг турли гўшаларидан ташриф буюрган юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди.
— Сирдарё қовунлари ҳақиқатан ҳам ширин. Жаҳоннинг кўпгина давлатларида бўлганман. У ерларда ҳам қовун етиштирилади. Аммо Ўзбекистонда, айниқса, Сирдарёда етиштириладиган, бир-биридан номи ва тури билан фарқ қилувчи қовунларнинг таъми, шакли ва хилма-хиллиги ўзгача. Қовун фестивалида тақдим этилган ва намойиш қилинган навларни кўриб, ҳайратимга яна ҳайрат қўшилди. Бунинг учун шу заминда яшаётган, меҳнат қилаётган бободеҳқонларга қанча раҳмат айтсанг кам, — дейди хитойлик меҳмон Чин Чан.
Ҳақиқатдан ҳам, Сирдарё ерлари саховатли. Унда етиштирилган қовунларда қуёшнинг ҳарорати, заминнинг саховати, сувнинг баракаси, деҳқоннинг пешона тери ва авлодлар тажрибаси бор. Шу боис «Сирдарё қовунлари» — шунчаки полиз маҳсулоти эмас. У — воҳа меҳнати, деҳқон маҳорати, замин саховати ва янги иқтисодий имкониятларнинг ширин тимсоли.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА