Савдо-саноат палатасининг ваколатлари кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан «Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизими: мақсад ва вазифалар» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан «Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизими: мақсад ва вазифалар» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.Президентимизнинг жорий йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, фаолият йўналиши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектларини бирлаштирувчи ташкилот сифатида қайта ташкил этилиши яратилаётган янги тизимга асос бўлиб хизмат қилади. Шу мақсадда Савдо-саноат палатасининг ваколат ва имкониятлари тубдан қайта кўриб чиқилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамасига тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш бўйича таклифлар бериш, қабул қилинган меъёрий-ҳукуқий ҳужжатлар бўйича ноаниқлик ва турлича ёндашувларни бартараф этиш юзасидан ёзма сўровномалар юбориш, давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларига таклиф киритиш каби муҳим масалаларда қўшимча ваколатлар юклатилди.
Депутатлар Савдо-саноат палатасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисида хулоса бериш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши қабул қилинаётган ҳужжатларда бир-бирини такрорловчи, зид талаблардан келиб чиқадиган, тадбиркорлик фаолиятини самарали ташкил қилишга тўсқинлик қиладиган расмиятчилик ва қоғозбозлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилишини қайд этди.
Тадбирда мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, саноат салоҳиятини ошириш, корхоналарнинг экспорт қувватини кучайтириш, маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш борасида банклар, бозор инфратузилма ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасидаги самарали ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.