Саудия Арабистони велоспорт федерациялари ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади
Ўзбекистон Велоспорт федерацияси ва Саудия Арабистони Велоспорт федерацияси ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
Тадбирда Саудия Арабистони Велоспорт федерацияси президенти Абдулазиз Али Ал-Шаҳроний ҳамда Ўзбекистон Велоспорт федерацияси бош котиби Хуршид Атакулов иштирок этди.
Меморандум икки мамлакат ўртасида велоспортни янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, спортчилар ва мутахассислар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Келишув доирасида шоссе, трек, тоғ велоспорти ва BMX йўналишларида ҳамкорлик қилиш, халқаро мусобақалар ва чемпионатларни ўтказишда тажриба алмашиш, мураббийлар ҳамда мутахассислар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган.
Шунингдек, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ва спортчиларни тайёрлаш дастурларини ташкил этиш, ёшлар ўртасида велоспортни оммалаштириш, паравелоспортни ривожлантириш, спорт тадбирларини ташкил этиш ҳамда хавфсизлик стандартларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Мазкур меморандум Ўзбекистон ва Саудия Арабистони велоспорт федерациялари ўртасидаги дўстона ва профессионал алоқаларни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва икки мамлакатда велоспортнинг ривожига хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА