Саудия Арабистони делегацияси Ўзбекистоннинг тиббиётни рақамлаштириш тажрибаси билан танишди
Шу кунларда юртимизда бўлиб турган Саудия Арабистони Подшоҳлиги соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдураҳмон Ал-Жалажил бошчилигидаги делегация пойтахтимиздаги “Uzinfocom” фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида меҳмонларга мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект ечимларини тиббиёт амалиётига кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Эътиборлиси, айнан шу манзилда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “SEHA Virtual Hospital”, Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, “Uzinfocom” ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида Халқаро кўп тармоқли виртуал кардиология комиссияси фаолиятига старт берилди.
Қайд этилишича, мазкур ташаббус икки мамлакат ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мураккаб клиник ҳолатларни етакчи маҳаллий ва халқаро мутахассислар иштирокида масофадан туриб муҳокама қилиш ҳамда беморга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Тадбир доирасида комиссиянинг илк йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда рақамли технология имкониятидан фойдаланган ҳолда кардиологик касалликларни ташхислаш ва даволашга оид мураккаб клиник ҳолатларга оид масалалар етакчи экспертлар иштирокида кўриб чиқилди.
[gallery-30585]
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА