Саудия Арабистони билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик
Мамлакатлар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳарбий соҳада тажриба алмашиш масалалари бугунги тез ўзгараётган дунёда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик айни шу мақсадларга қаратилган бўлиб, икки мамлакат Миллий гвардиялари ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Пойтахтимизда бўлиб ўтган навбатдаги учрашув эса бу ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганидан дарак беради.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Миллий гвардияси вазирлиги Ҳарбий аппарат бошлиғи генерал-лейтенант Солиҳ бин Абдураҳмон ал-Ҳарбий бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев томонидан меҳмонлар Марказий девонда муносиб кутиб олинди. Мазкур учрашув ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Даставвал, делегация аъзолари Миллий гвардия тарихи музейига ташриф буюриб, тизим тарихига оид бой маълумотлар, экспонатлар ва гвардиянинг шаклланиш босқичлари билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг, икки томон ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда соҳадаги тарихий ва бугунги кундаги замонавий вазифаларнинг ўхшаш жиҳатлари муҳокама қилиниб, истиқболли режалар ҳамда ҳамкорлик механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги вазифалар, ҳар икки давлатда тарихий обидаларни зиёрат қилиш ва туризм соҳасини ривожлантиришда хавфсизликни таъминлаш борасида Миллий гвардиянинг муҳим ўрни, унда инновацион технологиялар, жумладан дрон ва антидронлардан самарали фойдаланиш, махсус бўлинмалар ўртасида машғулотлар ва тренинглар ташкил этиш ҳамда малакали кадрларни тайёрлаш борасида тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, ушбу учрашув келгусидаги ҳамкорлик учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидланиб, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

Шундан сўнг, делегация аъзолари Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилиб, ўз бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган ёдгорликка ҳурмат бажо келтиришди.
Ташриф давомида меҳмонлар Ситуацион марказ, Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот хизмати, Болалар психологияси маркази, шунингдек, Миллий гвардия махсус батальони ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети фаолияти билан танишди.

Ташриф давомида ўзаро манфаатли икки томонлама амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид қатор масалалар белгилаб олинди.
Тадбир давомида меҳмонлар, Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, аждодларимизнинг бой тарихий мероси билан танишди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА