Сариосиёда яширинча цех фош бўлди
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида ноқонуний ёғ ишлаб чиқариш цехи фаолиятига чек қўйилди.
Вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими, ДХХ Узун тумани бўлими ва вилоят иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ўтказган тезкор рейд тадбирида А.Х.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. У яшаш хонадонининг ёрдамчи хўжалигида ноқонуний яширин цех ташкил этиб, мой жувоз ускунасида чигит маҳсулотидан сифати кафолатланмаган қўлбола ёғ ишлаб чиқариш билан шуғулланаётгани аниқланди.

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун кенг қамровли чора-тадбирлар белгилаб олинган. Шунга мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган рейд тадбирларида ҳудудларда ноқонуний ва сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариб, уларни сотиш билан шуғулланаётган шахслар ҳам учрамоқда.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири