Сариосиё туманида Ёшлар боғи иш бошлади
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Мирзо Улуғбек номли маҳалла ҳудудида Ёшлар боғи фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда туман ва шаҳар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Сариосиё, Узун тумани нуронийлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов, меҳнат фахрийси Муҳаммади Муродуллаев, Теракзор маҳалласи ёшлар етакчиси Шоҳиста Мелибоева ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда юксак интеллектуал салоҳият ҳамда ўз мустақил дунёқарашига эга, изланувчан, ташаббускор, жисмонан соғлом, маънан етук, ватанпарвар ёшларни тарбиялашга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётганини таъкидлади.


Бу жараёнда уларнинг замонавий таълим масканларида ўқиб, ўз истеъдодини кенг намоён этиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиши, унумли меҳнат қилиб, бўш вақтида мазмунли ҳордиқ чиқариши учун шароитлар яратилаётгани қайд этилди.

Чекка туманда ёш авлод учун барча қулайликларга эга гўзал маънавият-маърифат ва дам олиш маскани бунёд этган қўли гул қурувчиларга чуқур миннатдорлик билдирилди.

Сариосиё ва Узун тумани аҳлининг энг севимли масканларидан бирига айланадиган хушманзара боғ фойдаланилмай турган уч гектар майдонда ҳудуддан Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланган сенатор Абдуғани Сангинов ташаббуси билан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти маблағи ҳисобига бунёд этилди

Бу ерда болажонлар учун махсус ўйингоҳ, 50 ўринли кинотеатр, 38 мингдан ортиқ турли китоб ва қарийб 53 минг электрон китоб фондига эга катта ҳажмдаги LED-монитор ва бепул интернет билан таъминланган ахборот-кутубхона маркази, иккита овқатланиш шохобчаси қад ростлади.

Кенг, ёруғ ўқув залига эга ахборот-кутубхона маркази бир йўла 120 нафар, кун давомида 600 дан ортиқ китобхонга сифатли хизмат кўрсатиш қувватига эга. Ўзига хос дизайн асосида замонавий қурилиш материалларидан бунёд этилган янги мажмуага мусиқали фаввора ўрнатилиб, сунъий кўл қурилган.


Осмонўпар тоғлар қўйнидаги хушманзара туман марказига ўзгача кўрк бағишлаган ёшлар маскани бевосита Президентимиз ғояси асосида юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида турфа яшил бойликларга бурканган. Йўлакчалар бўйлари ва теварак-атрофга Туркия давлатидан келтирилган 800 дан ортиқ манзарали дарахт, 20 мингдан зиёд анвойи гул кўчатлари экилган. Янги Ўзбекистоннинг хушбичим, хушманзара Ёшлар боғида 20 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.
Тадбир иштирокчилари замонавий боғда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Дилрабо куй-қўшиқлар ижро этилди. Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА