Сарҳисоб ва марралар (+видео)
Жамият, давр, замон тез ўзгаряпти. Балки бу табиий ҳолатдек қабул қилинар. Лекин электрон технологиялар ривожланган мамлакатларда ижтимоий онг, сиёсий қарашлар, ички ва халқаро мезонлар янгича маъно касб этяпти. Бу эса журналистика олдига ҳам янги вазифалар қўймоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг умумий йиғилиши расмий ҳисобот эмас, таҳлил ва таклиф минбарига айланди. Аслида журналист малакасини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, замонавий ахборот технологиялари ва чет тилларига ўқитиш бўлимнинг асосий фаолият йўналиши эди. Аммо шубҳасиз булар кам.


– Бугун давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсатни ёритишда янада фаол бўлишимиз керак, деган фикрда барчамиз якдил бўлдик, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов. – Журналистларнинг яқин ўн, ўн беш йил кейинги авлоди ким бўлади, уларнинг касбий малакаси-чи, деган саволларга бугун жавоб изладик. Шунинг учун журналистлар уюшмасига фаол ёшларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратишга келишиб олдик.


Айни чоқда Фарғона вилоятида 27 та босма нашр, 6 та телевидение ва радиоканаллар, 6 та интернет нашри фаолият юритмоқда. Аммо айрим нашрлар ҳатто ойда бир чиқади. Қўқон шаҳар, Фурқат, Ўзбекистон туманлари ҳокимлиги муассислигидаги газеталар эса тўхтаб қолган.

– Мен ишлайдиган “Марказий Фарғона” газетаси 3000 нусхада чоп этилмоқда. Лекин Қўқон ҳокимлиги муассислигидаги “Қўқон садоси” газетаси чиқмай қолганидан жуда афсусландим, – дейди журналист Абдумалик Бойматов. – Таҳририятларда иш ҳақи ва қалам ҳақини ошириш лозим. Ёш журналистлар ҳозиргидек қалам ҳақи ва иш ҳақидан қониқмаяптилар. Шунинг учун таҳририятларда муқим ишлаб қолишмаяпти.
Йиғилишда яна бир муҳим масала муҳокама марказида бўлди.
– Медиа саводхонлик даражаси муҳим бўлиб турибди. Устоз-шогирд, маҳорат мактаблари, малака ошириш курслари орқали шунга эришиш мумкин. Бу билан биз янгича фикрловчи журналистларни тайёрлашга ҳисса қўшган бўламиз, – деди Шуҳрат Орипов.
Эришилган ютуқ, йўл қўйилган камчиликлардан хулосалар “2026-2030 йилларга мўлжалланган дастур”да ўз ифодасини топди.

– 2026-2030 йиллар учун белгиланган “Йўл харитаси” билан танишиб чиқдим. Унда биз ёшлар учун жуда кенг имкониятлар йўли очиляпти, – дейди “Навбаҳор” газетаси бош муҳаррири Дурдона Ғаффорова. – Бу бизга қўшимча куч берди ва ундан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Йиғилишда 90 ёшга етган устоз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дониёр Эргашев, 75 ёшни қаршилаган “Марказий Фарғона” газетаси ходими Абдумалик Бойматовлар қутлуғ кунлари билан тақдирланди.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги конференциясига Фарғона вилоятидан делегатлар сайланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/kEOc8SMa_kQ?si=4sHUaBA2bnesX820" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА